РОССИЯ ЁҚИЛҒИСИ ВА ТОЛИБОН НАРКОБАРОНИ
Ижтимоий тармоқларда Россиядан Афғонистонга ёқилғи етказиб беришни Толибонга яқин наркобарон Башир Нурзай назорат қилаётгани айтилмоқда. Очиқ манбаларда бу иддаони тасдиқловчи далиллар йўқ, лекин Нурзайнинг кончилик ва Хитой компаниялари билан яқин алоқалари борлиги айтилмоқда.
Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда Россиядан Афғонистонга нефт маҳсулотлари етказиб бериш жараёни Толибон билан яқин алоқадор деб кўриладиган Башир Нурзай томонидан назорат қилинаётгани ҳақида иддаолар тарқалди. Аммо очиқ манбаларда бу даъвони тасдиқловчи ишончли далиллар ҳозирча йўқ.
Reuters маълумотига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида Афғонистоннинг Россия ва Беларусдан ёқилғи импорти 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 4 баробар ошган. Афғонистонга етказилган маҳсулотлар ҳажми 530 минг тоннани ташкил этган, шундан 231 минг тоннаси бензин бўлган.
Башир Нурзай – Афғонистондаги энг баҳсли шахслардан бири. АҚШ Наркотикларга қарши кураш бошқармаси маълумотларига кўра, у Афғонистонда кўкнори далалари, героин лабораториялари ва наркотик ташиш йўллари билан боғлиқ тармоқда айбланган. АҚШ томони Нурзай ташкилоти Толибонга қурол, одам ва ресурслар бергани, эвазига эса унинг наркотик бизнеси ҳимоя қилинганини билдирган.
Нурзай 2008 йилда АҚШда наркотик моддалар савдоси бўйича судланган ва умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 2022 йилда эса у америкалик муҳандис Марк Фрерихс билан маҳбуслар алмашинуви доирасида озод қилинган.
Айрим халқаро ва афғон манбалари Нурзайнинг Афғонистонда кончилик, жумладан олтин конлари ва Хитой компаниялари билан боғлиқ лойиҳаларда фаоллашганини ёзган. Foreign Policy нашри у Хитой компаниялари билан минерал ресурслар ва нефть-газ қидирувига оид шартномаларга яқин эканини билдирган. IRAF ва El Media эса унинг Тахор ва Бадахшон ҳудудларидаги олтин конлари билан боғлиқ фаолияти ҳақида манбаларга таяниб хабар берган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг