Раис ва ҳоким ёрдамчилари ишдан кейин прокуратурага чақирилаётгани айтилмоқда.

Элтузарга Фарғона вилояти Риштон туманидан келиб тушган видеода маҳалла раислари ва ҳоким ёрдамчилари солиқ тушумларини таъминлаш масаласи бўйича иш вақти тугаганидан кейин ҳам туман прокуратураси биноси ўнгида тургани кўринади.

Маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиларига солиқ режаси қўйиляптими? Мурожаат ортидаги видеони кўринг.

Мурожаат муаллифининг иддаосига кўра, улардан аҳолидан солиқ ундириш ва белгиланган тушум кўрсаткичларини бажариш талаб қилинмоқда.

Маҳалла раиси ёки ҳоким ёрдамчисини иш вақтидан кейин прокуратура биносига чақириб, солиқ тушуми бўйича босим ўтказиш амалиёти мавжуд бўлса, бу давлат идоралари ўртасидаги ваколатлар чегараси ва ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари нуқтаи назаридан ҳам жиддий саволларни келтириб чиқаради.

Албатта, солиқ тушумини таъминлаш давлат учун муҳим. Аммо бюджет режасини бажариш баҳонасида маҳаллада ишловчи ходимларнинг асосий вазифасини солиқ йиғувчига айлантириш, қолаверса, бу жараёнга прокуратурани жалб қилиш – ҳуқуқий давлат тамойилларига қанчалик мос?

Элтузар Риштон тумани прокуратураси, туман ҳокимлиги ва Солиқ қўмитасидан мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат кутади.