РИШТОН ТУМАНИ МИБДА ИЖРО ЖАРАЁНИНИ ТАНИШ-БИЛИШЧИЛИК САБАБ КЕЧИКТИРМОҚДА
Риштон тумани МИБда «Agro Rishton Tamir Servis» МЧЖ ходимларининг иш ҳақи ундирилишида айрим ундирувчиларга имтиёз берилаётгани, навбат ва тенглик тамойиллари бузилаётгани ҳақида иддаолар билдирилди. Мазкур ҳолат юзасидан расмий текширув сўралди.
Элтузарга Фарғона вилояти Риштон тумани Мажбурий ижро бюросида иш ҳақини ундириш билан боғлиқ ижро ишларида айрим ундирувчиларга имтиёзли муносабатда бўлинаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, “Agro Rishton Tamir Servis” МЧЖ ходимларининг иш ҳақини ундириш бўйича бир нечта ижро ҳужжати МИБ иш юритувида турибди. Бироқ ундирилган маблағларни ходимларга тақсимлашда навбат ва тенглик тамойилига риоя қилинмаяпти.
Хусусан, мурожаатда Риштон тумани МИБда Улуғбек исмли ходим юритаётган ижро ишларида таниш-билишчилик ҳолатлари бўлиши мумкинлиги иддао қилинмоқда.
Муаллифнинг таъкидлашича, айрим шахслар учун МИБ ходими ёки бошқа таъсирга эга танишлар телефон орқали мурожаат қилганидан кейин уларнинг иш ҳақи бошқа ундирувчилардан олдин ўтказиб берилган.
Ушбу иддаолар ҳозирча ваколатли органларнинг расмий хулосаси билан тасдиқлангани йўқ. Шу сабаб мурожаат муаллифи ҳолатни холис ўрганиш ва 2026 йил август–сентябрь ойларида “Agro Rishton Tamir Servis” МЧЖдан МИБ томонидан қанча маблағ ундирилганини аниқлашни сўрамоқда.
Шунингдек, ундирилган маблағлар қайси ижро ҳужжатлари асосида, қайси ходимларга, қанча миқдорда ва қайси саналарда ўтказилганини текшириш, маблағларни тақсимлашда қонунчиликда белгиланган тартибга риоя қилинган-қилинмаганига ҳуқуқий баҳо бериш шарт.
Мурожаат муаллифи ўз қўлида ижро ҳужжатлари, пул ўтказилган саналар ва бошқа далиллар мавжудлигини, зарурат туғилганда уларни ваколатли органларга тақдим этишга тайёрлигини билдиришмоқда.
Риштон тумани МИБ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросидан мазкур бу ҳолатларни ўрганиб, жамоатчиликка расмий муносабат билдиришларини сўраймиз. Элтузар қарши томоннинг муносабатини ҳам эълон қилишга тайёр.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг