Reuters агентлигига Мужтабо Хоманаийнинг яқин доирасига мансуб уч манба маълум қилишича, Эроннинг янги олий раҳбари уруш бошида отаси ҳалок бўлган ҳаво зарбасида юз ва оёқларидан оғир жароҳат олган ва ҳануз тикланиш жараёнини бошдан кечирмоқда.

Манбаларга кўра, Теҳрон марказидаги олий раҳбар қароргоҳига уюштирилган ҳужум оқибатида Хоманаийнинг юзи шикастланган ва бир ёки ҳар икки оёғидан жиддий жароҳат олган. Шу билан бирга, 56 ёшли раҳбарнинг ақлий ҳолати яхши экани, у аудиоконференция орқали юқори лавозимли амалдорлар билан йиғилишларда қатнашиб, уруш ва Вашингтон билан музокаралар каби асосий масалалар юзасидан қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этаётгани айтилди.

Мужтабо Хоманаийнинг қаерда экани, соғлиғи ва давлатни қай даражада бошқара олаётгани омма учун ҳозирча сирлигича қолмоқда. Ҳаво ҳужумидан кейин ва 8 март куни отасининг ўрнига тайинланганидан буён унинг фото, видео ёки аудио мурожаати эълон қилинмаган.

Reuters маълумотига кўра, Мужтабо Хоманаий 28 феврал куни, АҚШ ва Исроил бошлаган урушнинг биринчи кунида яраланган. Ўша ҳужумда унинг отаси ва собиқ олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлган. Шунингдек, унинг рафиқаси, қайиноғаси ва қайинопаси ҳам ҳужум қурбонлари орасида бўлгани айтилмоқда.

Эрон ҳукумати ҳозирча Хоманаий жароҳатларининг даражаси ҳақида расмий баёнот бермаган. Бироқ давлат телеканали бошловчиси у олий раҳбар этиб тайинланганидан кейин уни урушда оғир яраланган шахс сифатида таърифлаган.

Reuters’га гапирган АҚШ разведкасига яқин манбалардан бири Хоманаий бир оёғини йўқотган бўлиши мумкинлигини айтган. Аввалроқ АҚШ мудофаа вазири Пит Хегсет ҳам 13 март куни унинг “яраланган ва эҳтимол ташқи қиёфаси ўзгарган”ини билдирган эди. CIA бу масалага изоҳ бермади, Исроил бош вазири идораси ҳам сўровларга жавоб қайтармади.

Яқин Шарқ институти катта илмий ходими Алекс Ватанканинг фикрича, жароҳатлари қанчалик оғир бўлишидан қатъи назар, тажрибасиз янги раҳбар отаси қўлида бўлган даражада мутлақ ҳокимиятни дарҳол қўлга жамлай олмаслиги мумкин. Унинг айтишича, Мужтабо Хоманаий ҳозирча “ягона ҳал қилувчи овоз” эмас ва режимнинг кейинги йўналишини белгилашда бошқа куч марказлари, айниқса, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси муҳим ўрин тутмоқда.

Хоманаийнинг жамоатчиликдан узоқ қолиши Эрон ижтимоий тармоқлари ва мессенжерларида қизғин муҳокама қилинмоқда. Интернет чекловларига қарамай, “Мужтабо қаерда?” деган мемлар тарқалган. Шу билан бирга, ҳукумат тарафдорлари унинг хавфсизлик нуқтаи назаридан омма олдига чиқмаётганини оқламоқда. Уларга кўра, АҚШ ва Исроил ҳаво зарбалари мамлакат раҳбариятининг катта қисмини йўқ қилган шароитда олий раҳбарнинг ошкора кўриниши уни янги нишонга айлантириши мумкин.

Хоманаийга яқин манбалардан бири Reuters’га унинг суратлари бир ёки икки ой ичида эълон қилиниши мумкинлигини, эҳтимол, жамоатчилик олдида ҳам кўриниш бериши мумкинлигини айтган. Бироқ барча манбалар бу фақат унинг соғлиғи ва хавфсизлик вазияти имкон берган тақдирдагина юз беришини таъкидлаган.