Бугун Рауф Парфининг туғилган куни. Назаримда, Рауф Парфи вафотидан буён ўзбек адабий тафаккурида бир карахтлик бошланган ва ҳануз давом этаётгандай. Бўшлиқ, демайман. Бўшлиқ англаниши учун бу карахтликдан ўтиш керак. Карахтлик ҳали ўтгани йўқ. Худди адабиёт, шеърият Рауф Парфининг ўлими факти билан юзма-юз келишга қўрқаётгандай. Орадан 21 йилдан кўпроқ вақт ўтган эса-да, Парфининг ўлими – ҳали тўлиқ идрок этилмаган йўқотиш. Худди унинг ҳали охиригача тадқиқ қилинмаган шеърияти сингари.

Аммо таскин бор, таскин – жумладан, ўтган асрнинг етмиш-саксонларида Рауф Парфи билан елкама-елка туриб ижод қилган, жадидлардан кейин илк бор ўзбек шеърияти ва умуман, бадиий тафаккурини янгилашда қатнашган яна бир катта шоиримиз – Муҳаммад Солиҳнинг жумладан, адабий шахсияти атрофидаги муҳокамаларнинг янгидан бошлангани ва унинг ижодий меросини ватанига қайтариш уринишлари.

Қуйида Рауф Парфига бағишлаб 2003 йилда Лондонда битилган шеър, шоирнинг 2004 кузида Тошкентда олинган менга маълум охирги сурати ва 2005 йилда Қирғизистонда чоп этилган “Иймон асири” китобига сўнгсўз.

РАУФ ПАРФИ

Мана осмон, мана ҳаво

Қандай тиниқ, қандай сарин.

Ўлим, сен ҳам бир нафас ол,

Тириласан борган сари…

Ана қушлар, қатор-қатор

Учар қайси манзил сари?

Юрак, сен ҳам бир қанот қоқ,

Ерда қолсин ғамлар бари.

Кўкка учсин ишқ санинг-ла,

Булутларга ёзилсин у.

Ёмғир бўлиб, сўнг қайтадан

Юракларга ёғилсин у.

Юракларда томчи-томчи

Зарби мудом турсин уриб…

Ўлим, кўзларимга боқ-чи,

Сен қўрқасан мени кўриб!..

Қандай осмон, қандай ҳаво…

***

ШОИРНИНГ ЎЛИМИ

Рауф Парфининг қандай хасталикка чалинганини ҳеч ким билмас, аммо авваллари ҳафтанинг тайинли бир куни “тайинли бир жой”да шогирдлари билан кўришиб турадиган шоирнинг кўздан йўқолгани унинг соғлиги борасидаги хавотирли гап -сўзларга сабаб бўлган эди.

Яқинларининг айтишича, Рауф Парфи шу йил бошларида микроинсультни бошидан кечирган ва тўшакка михланиб қолган.

Душанба куни Тошкентдан “Рауф Парфининг дўстлари унинг даволаниши учун ёрдам тўплашаётган экан”, деган хабарлар келганди.

“Пропискасиз” фуқаро

Ўтган йилнинг кеч кузи. Ярим тунда ҳофиз Дадахон Ҳасан билан Рауф Парфининг эшигини қоқдик. Тошкент четидаги қайсидир завод ётоқхонасининг қоронғу йўлагига “Рауф акам йўқлар” деган овоз эшитилди.

Дадахон Ҳасаннинг “хат ёзиб кетамиз” деган қистовидан сўнг, унинг аёли эшикни очди.

Уй бекасининг қоғоз – қалам олиб чиқиш учун ичкарига кириб кетганидан фойдаланган Ҳофиз ижозат ҳам сўраб ўтирмасдан, йўлак тўғрисидаги қоронғу ошхонага кириб, чироқни ёқди.

Ичкаридан шоирнинг “мен сизларни мелиса деб ўйлабман” деган овози эшитилди.

У кўрпага ўраниб олган ва бошига китоблардан ёстиқ қилган-ча, ниманидир қоралаб ўтирганди.

Милиция ходимлари уни “пропискангиз йўқ” деб қидириб келавериб, безор қилишган экан.

Шоир ҳар сафар милиция қўлидан ўзининг “Ўзбекистон Халқ Шоири” деб ёзилган гувоҳномасини кўрсатиб, қутулиб қолишини айтди.

“Бу ҳужжатни фақат шунинг учун олиб юраман” деди у Президент Каримовнинг имзоси қўйилган қизил гувоҳномани кўрсатиб.

Халқ шоири

1999 йил, Мустақиллик байрами арафасида ҳукуматнинг Рауф Парфига “Ўзбекистон Халқ Шоири” унвонини бериш тўғрисидаги қароридан ҳамма хурсанд бўлган эди. Унинг ўзидан бошқа….

Умрида унвон олмаган шоир уни қутлаётган дўстларига “унвонини бошимга ураманми” деб жавоб берарди.

Рауф Парфи ўша куни Би-би-сига мана бундай деган:

“Халқ зулмдан қон қусаётган бир пайтда бу унвон мен учун ҳаромдир!”.

Орадан бир кун ўтиб, Президент Каримов унвонларни эгаларига тантанали равишда топширган, аммо ҳукумат ва Президентнинг эътибори учун қуллуқ қилаётганлар орасида Рауф Парфи йўқ эди…

“Ўзбекистон Халқ шоири” деган унвон ҳам унинг китобларини чиқаришга ёрдам беролмади.

Рауф Парфига норасмий таъқиқ қўйилганди.

Ҳеч ким, яқин дўстларининг айтишича, хатто президент девонидагилар ҳам унинг “буюк шоир”лигини инкор этишмас, аммо мустақилликдан кейин номи “қора рўйхат”да бўлган шоирнинг китобини босишга ҳам журъат қилишмас эди.

Рауф Парфи Ўзбекистондаги икки йирик мухолифат ташкилоти – “Бирлик халқ ҳаракати” ва “Эрк” партиясининг бошида турган шахслардан эди.

У мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотининг аъзоси ҳам бўлган.

Бир гуруҳ адиблар 2000-йиллар бошида қамоқдаги адиб Мамадали Маҳмудовни озод этишни сўраб, Президент номига ёзилган Мурожаатномага имзо қўядилар.

Аммо бу мурожаат нафақат рад этилади, балки унга имзо қўйганларни таъқиб этиш бошланади.

Улардан кўпчилиги ишдан ҳайдаладилар.

Фақат ишсиз Рауф Парфи ва нафақахўр Шукруллогина бу таъқибдан “омон қолишади”.

Бу-амалда бир пайтлар озодлик ва мустақиллик ҳаракатининг бошида турган ўзбек адиблари ва зиёлиларининг энг сўнгги акцияси эди.

Ўтган йилнинг ноябрида шоирни уйига кузатиб қўярканман, ёнимда фотокамера борлиги эсимга тушиб, “келинг, бир суратингизни олиб қўяй”, дедим.

Рауф ака “суратимни нима қиласиз?” дея ўнғайсизланди, аммо менинг қистовимдан сўнг, камерага қаради.

Суратга олиб бўлганимдан кейин эса, “расмга тушмаганимга ҳам анча бўлган эди”, деди.

Мен эса, “энди тез -тез расмга олиб турамиз”, деб ҳазиллашдим, аммо бу – шоирнинг сўнгги сурати бўлишини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим.

Худди шоир ёзган “Такурнинг охирги шеъри” сингари…

PS: Охирги пайтларда Рауф Парфи Каримовдан Халқ шоири унвонини қабул қилиб олишни рад этганини инкор қилувчи гувоҳликлар пайдо бўлди. Рауф ака юқоридаги сўзларини Каримовнинг сиёсий қатағонлари энг авжига чиққан 1999 йилнинг 30 ёки 31 август куни ББС билан суҳбатда айтган. Суҳбатни ёзиб олган шоира ва ўша пайтда ББС мухбири Гулчеҳра Муродалиева буни тасдиқлаши мумкин. Афсус, биз ўзимизча Рауф Парфини “аяб” унинг айнан шу сўзларини эфирга бермаганмиз ва бунинг учун кейинроқ бош муҳарриримиз Ҳамид Исмоилдан гап ҳам эшитганмиз. Ҳамид ака “эҳтимол, бу Рауф Парфининг тарих олдида Каримовга ўқиган ҳукмидир. Сизларнинг ўзингизча шоирни бундан мосуво қилишга нима ҳаққингиз бор?” деб койиганди. Ва тўғри ҳам айтган эди. Айни пайтда бу Рауф ака ўзини унвонга тавсия қилганларга сўзда миннатдорчилик билдирган бўлиши мумкинлигини инкор қилмайди. Эҳтимол, сарказм билан – мен буни билмайман. Билганим – шоирнинг тилидан янграган сўзлар. Бу сўзлар қисқа ва айнан Ҳамид ака айтгани каби, “ҳукм”дек янграгани учун ҳам хотирамда қолган.