Собиқ депутат, ҳозирда вазирлик маслаҳатчиси бўлган Расул Кушербаев ёқилғи қуйиш шохобчасини судга берди. Маълум қилинишича, даъво АЁҚШда унга бензин нақд пулга сотилмагани билан боғлиқ.

Тарқалган суд ҳужжатида қайд этилишича, Фуқаролик ишлари бўйича Яккасарой туманлараро судининг иш юритувида даъвогар Кушербаев Расул Хидралиевичнинг жавобгар “Las and Group” МЧЖга нисбатан мажбурият юклаш ҳақидаги даъво аризаси мавжуд. Ҳужжат 2026 йил 22 май санаси билан расмийлаштирилган.

Унда суд мажлиси вақти, жавобгар томондан вакил ишончнома ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан иштирок этиши сўралгани кўрсатилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 288-моддасига кўра, мажлис вақти ва жойи ҳақида хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги аризани кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмаслиги эслатилган.

Кушербаевнинг бу ҳаракати айрим фаоллар томонидан турлича баҳоланмоқда. Улардан бири мазкур суд жараёнини 50 йилдан ошган автомобиллардан фойдаланишни чеклашга оид ҳукумат қарори устидан берилган даъво билан қиёслади.

Фаолнинг фикрича, АЁҚШ устидан судга мурожаат қилиш муаммонинг асл манбаига қаратилмаган. Унинг таъкидлашича, ёқилғи қуйиш шохобчаси ходимлари ёки раҳбарияти бундай қарорларни мустақил қабул қилмайди, балки юқоридан берилган кўрсатмалар асосида иш юритади.

“Нақд пулга бензин сотилмагани учун заправка устидан судга бериш, йўлда 50 йилдан ошган автомобилни жарима майдонига жўнатган оддий ЙПХ ходими устидан судга бериш билан баробар. Оддий ходим ҳам, заправка раҳбари ҳам буйруқни юқоридан олади”, дейди у.

Шу билан бирга, муаллиф суд жараёнининг кенг ёритилишига ҳам эътибор қаратган. Унинг айтишича, жараёнда камералар, журналистлар ва томошабинлар иштирок этган, Кушербаевга эса судни видеога олишга рухсат берилган. Бу ҳолат, фаолнинг фикрича, “шоу” таассуротини уйғотади.

У ўз тажрибасини ҳам мисол келтириб, 50 йилдан ошган автомобиллар бўйича апелляция судида видеотасвирга олишга рухсат берилмаганини, фақат жараённинг ўртасидан аудиоёзув қилишга муваффақ бўлинганини билдирган.

Муаллифнинг таъкидлашича, у бензин ёки алкоголь маҳсулотларини нақд пулга сотишни чеклашга қарши эмас. У буни ноқулай, аммо чидаса бўладиган ҳолат деб баҳолайди. Бироқ унингча, 50 йилдан ошган автомобиллар бўйича чекловлар фуқароларнинг Конституцияда мустаҳкамланган мулк ҳуқуқига дахл қилмоқда.

“Фуқароларнинг автомобилларига нисбатан мулк ҳуқуқи чекланаётган бир пайтда Кушербаев ҳам, бошқа машҳур блогерлар ҳам бу масалани кўтармаяпти. Ҳеч ким судга бермаяпти, ҳеч ким фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга шошилмаяпти”, дейилади мурожаатда.

Фаол, шунингдек, мазкур масала юзасидан Бош прокуратура, Сенат, Инсон ҳуқуқлари бўйича марказ ва Конституция кафилига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолаётганини иддао қилган. Унинг сўзларига кўра, айрим мурожаатларга уч ойдан ортиқ вақтдан бери жавоб берилмаган.

Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда Кушербаевнинг суд жараёнига берилган эътибор ва 50 йилдан ошган автомобиллар масаласига нисбатан сукут ўртасидаги фарқ савол остига олинмоқда.

Ҳозирча Расул Кушербаев, “Las and Group” МЧЖ ёки тегишли идоралар мазкур танқидларга расмий муносабат билдиргани ҳақида маълумот йўқ.