Ўзбекистонда хусусий ва давлат тиббиёт муассасалари фаолияти “сирли мижоз”лар орқали текширила бошланади. Бу ҳақда Рақобат қўмитаси маълум қилди.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда беморларга ортиқча таҳлиллар топширтирилиши, клиник протоколларда кўзда тутилмаган қўшимча текширувларга юборилиши ёки аниқ касаллик учун зарур бўлмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар тавсия этилиши ҳақидаги шикоятлар кўпаймоқда.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, бундай ҳолатлар юзасидан келиб тушган мурожаатлар сони бир йил ичида кескин ошган. Агар 2025 йилнинг шу даврида 53 та шикоят қайд этилган бўлса, 2026 йилда бу кўрсаткич 127 тага етган. Бу эса 2,3 баробарлик ўсиш демакдир.

Мазкур муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Рақобат қўмитаси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, тиббий хизматлар клиник протоколларга мувофиқ кўрсатилганми ёки йўқми, деган саволга вазирлик расмий хулоса беради.

Шу билан бирга, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 22 октябрда қабул қилинган 667-сонли қарори асосида тиббий хизмат кўрсатиш, дори воситалари ва тиббий буюмларни тайинлаш ҳамда реализация қилиш жараёнларида “сирли мижоз” тадбирларини ўтказиш тартиби белгилаб қўйилган.

Низомга мувофиқ, бундай текширувлар аудио ёки видеокузатув воситаларидан яширин фойдаланилган ҳолда амалга оширилади.

Рақобат қўмитаси мулкчилик шаклидан қатъи назар барча тиббиёт муассасаларини беморларга ортиқча сарсонгарчиликларсиз хизмат кўрсатишга, шунингдек, хизматлар ҳақида тўлиқ ва тушунарли маълумот беришга чақирди. Қўмита “сирли мижоз” тадбирларига расман старт берилганини ҳам маълум қилди.