МАСЪУЛ ҚЎМИТА ТОМОНИДАН САБАБСИЗ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАНМАЁТГАН ҚАРОР ЛОЙИҲАСИ ҲАҚИДА
Ҳуқуқшунос мақоласида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ННТларни қўллаб-қувватлашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси Рақобат қўмитаси томонидан икки ойдан бери сабабсиз кўриб чиқилмаётгани, бу орқали қонунларда белгиланган ижтимоий шериклик амалда тўлиқ ишламаётганини ёритади.
Бундан олдинги мақоламизда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 108-сонли Фармони ва 296-сонли Қарорида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида фаолият кўрсатувчи нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг асосий йўналишлари белгилаб берилганлиги, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 667‑сонли Қарорига мувофиқ истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларидаги нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятига кўмаклашиш, уларни услубий қўллаб-қувватлаш, техник кўмак (грант ва молиявий маблағлар) тақдим этиш, ходимлар малакасини ҳамда ҳуқуқий билимларини оширишга Рақобат қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси масъул органлар ҳисобланиши ҳамда масъул органлар томонидан жорий йилда ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганлиги ҳақида ёзган эдик.
Энди маълум бўлмоқдаки, “Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси фаолиятида ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини янада ривожлантириш, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси Рақобат қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланмаётган, лойиҳа юборилганлигига 2 ой ўтган бўлсада, бирор бир ҳаракат кузатилмаётган экан. Гарчи, қарор лойиҳаси Федерация фаоллари томонидан ишлаб чиқилиб, Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси раҳбариятининг топшириғи билан ваколатли орган сифатида қўмитага юборилган бўлсада. Топшириқни юборганлар ижросини ҳам назорат қилса яхши бўлар эди, ҳар ҳолда ваколати бор.
Мазкур қарор лойиҳаси Федерация учун индивидуал имтиёз, истисно ёки хусусий ҳуқуқий режим белгилашни назарда тутмайди. Лойиҳада таклиф этилаётган механизмлар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қонунчиликда белгиланган ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати институтларини амалий ишлашини таъминлашга қаратилган бўлиб, уларнинг натижаси муайян ташкилот манфаатига эмас, истеъмолчилар ва жамият манфаатларига хизмат қилади. Камина қарор лойиҳасини ёзишда шахсан иштирок этганлигим сабабли булардан хабардорман.
Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги 414-сон “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан давлат даражасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, истеъмолчилар Федерацияси фаолиятига ташкилий кўмаклашиш ҳамда давлат органлари билан ҳамкорлик механизмларини шакллантириш зарурати аллақачон эътироф этилган. Қарор асосида Федерация томонидан бир нодавлат ташкилот сифатида йиллар давомида эътирофга лойиқ ишлар қилинган, ишлар судларга олиб чиқилган. Мазкур қарор маънан эскирганлиги сабабли янгилаш зарурати пайдо бўлган, ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлашга оид бандлари қудратли давлат органлари томонидан бекор қилдирилиб юборилган. Қўмитада ўтирганлар бундан яхшигина хабардор, раҳбарининг хабари борми йўқми бизга номаълум.
Федерациянинг ташаббус билан чиқиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритиш, давлат органларининг қарорларини ишлаб чиқишда иштирок этиш, ваколатли давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ижтимоий шерикликни ривожлантириш ҳуқуқи “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар билан кафолатланган.
Ҳеч қандай моддиёт яратмасдан, ННТлар ходимлари иш ҳақидан 10-20 баравардан ортиқ иш ҳақингизни бюджетдан қуртдай санаб олар экансиз, булар сиз қилишингиз керак бўлган ишларнинг бир қисмини беминнат бажариб келаётганлигини унутманг. Ёрдамни шахсий пулингиздан бермайсиз.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 6181-сонли Фармони билан тасдиқланган “2021-2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”нинг амалда бўлиш даври тугаганлиги, янги “Ўзбекистон Республикасида фуқаролик жамиятини 2030 йилга қадар ривожлантириш стратегияси”ни қабул қилиш номаълум сабабларга кўра 7,5 ойга кечикаётганлигини таъкидлаб ўтиш лозим.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг