РАҚОБАТ ҚЎМИТАСИ САВДОГАРЛАРНИ МАКТАБ БОЗОРИДА НАРХНИ ОШИРМАСЛИККА ЧАҚИРДИ
Янги ўқув йили олдидан «Мактаб бозорлари»да талаб кескин ошган бир пайтда Рақобат қўмитаси тадбиркорларни нархларни асоссиз оширмасликка чақирди. Қимматчилик ҳолатларида истеъмолчилар 1159 қисқа рақами орқали мурожаат қилиши мумкин.
Янги ўқув йили арафасида мактаб формаси, дафтар, ручка, сумка ва бошқа ўқув анжомларига талаб кескин ошган бир пайтда Рақобат қўмитаси тадбиркорларни “Мактаб бозорлари”да нархларни асоссиз оширмасликка чақирди. Агар харидорлар нарх сунъий ёки асоссиз оширилган деб ҳисобласа, 1159 қисқа рақами орқали Қўмитага мурожаат қилиши мумкин.
Қўмита маълумотига кўра, янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида республика бўйлаб умумтаълим мактаблари, деҳқон бозорлари ва савдо комплексларида мавсумий “Мактаб бозорлари” ташкил этилган. Бу савдо нуқталарида ота-оналар ва ўқувчиларга ўқув-ёзув қуроллари, мактаб формалари ва бошқа зарур анжомларни харид қилиш имкони яратилган.
Айни кунларда Тошкентда ҳам мактаб ярмаркалари иш бошлаган. Улар фақат йирик бозор ва савдо мажмуаларида эмас, айрим умумтаълим мактаблари ҳудудларида ҳам ташкил этилган. Пойтахтда “Авиасозлар”, “Аския”, “Миробод”, “Наврўз”, “Юнусобод”, “Сергели”, “Фарҳод”, “Қорақамиш” деҳқон бозорлари, шунингдек, “Чилонзор”, “Чорсу” ва “Ўрикзор” савдо мажмуаларида махсус савдо нуқталари фаолият юритмоқда.
Рақобат қўмитаси айнан талаб юқори бўлган мавсумда тадбиркорларга маҳсулот нархининг асосли бўлиши, товар сифати таъминланиши ва харидорга маҳсулот ҳақида зарур маълумотлар тақдим этилиши шартлигини эслатди. Савдо жараёнида истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиниши ҳам талаб этилмоқда.
Харидорларга эса фақат нархга эмас, маҳсулотнинг сифати, ишлаб чиқарувчиси ва товар ҳақидаги бошқа муҳим маълумотларга ҳам эътибор бериш тавсия қилинди.
Қўмита огоҳлантиришича, дарсликлар, мактаб формалари, ўқув-ёзув қуроллари ва бошқа мактаб анжомлари нархини асоссиз оширишга йўл қўйилмаслиги керак. Ташкилот мактаб бозорларида нархлар барқарорлигини кузатиш бўйича мониторинг олиб борилишини ҳам маълум қилди.
Бу масала ота-оналар учун айниқса долзарб. Мактаб мавсумида бир вақтнинг ўзида форма, пойабзал, сумка ва ўнлаб турдаги канцелярия маҳсулотларини харид қилиш оила бюджетига сезиларли юк бўлиб тушади. Масалан, 2024 йилда мактаб бозорларида ўтказилган сўровда қатнашган ота-оналарнинг кўпчилиги нархларни иш ҳақига нисбатан анча баланд деб баҳолаган эди.
Шу боис бу йил Қўмитанинг огоҳлантириши фақат расмий чақириқ бўлиб қолмасдан, амалда нархларнинг кескин ва асоссиз кўтарилишига қарши назоратга айланиши муҳим.
Харидор мактаб бозорида нарх асоссиз оширилгани, товар ҳақида тўлиқ маълумот берилмаётгани ёки истеъмолчи ҳуқуқи бузилаётганига дуч келса, Рақобат қўмитасининг 1159 ишонч рақамига мурожаат қилиши мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг