ҚУРБОН ҲАЙИТИДА БОЗОР ВА ДЎКОНЛАРДА НАРХЛАР АСОССИЗ ОШИРИЛМАСЛИГИ КЕРАК
Рақобат қўмитаси Қурбон ҳайити арафасида ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича йирик савдо тармоқлари ва савдо комплексларига кўрсатмалар юборди, асоссиз нарх оширишга йўл қўймасликка чақирди.
Рақобат қўмитаси Қурбон ҳайити арафасида йирик савдо тармоқлари ва ҳудудлардаги савдо комплексларига ижтимоий муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш зарурлиги ҳақида кўрсатмалар юборди. Бу ҳақда қўмита ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, байрам арафасида айрим озиқ-овқат маҳсулотларига талаб кескин ошиши мумкин. Шу муносабат билан чакана савдо тармоқлари ва савдо комплексларига маҳсулот етказиб берувчи корхоналар томонидан нархларни ўзгартириш, логистика харажатлари ёки нарх ошишига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа омиллар ҳақида Рақобат қўмитасини тезкор хабардор қилиб бориш юзасидан кўрсатма берилган.
Шунингдек, савдо тармоқлари ва комплексларига етказиб берувчиларни асоссиз нарх ошириш ҳолатларига йўл қўймаслик бўйича огоҳлантириб бориш вазифаси ҳам юклатилган.
Қўмита халқ учун муҳим бўлган ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш борасида ўз ваколатлари доирасида зарур чораларни кўриб боришини маълум қилди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг