Сурхондарё вилояти Қумқўрғон тумани Хўжамулки маҳалласи аҳолиси суюлтирилган газ таъминотидаги оворагарчиликлардан норози.

Фуқароларнинг Элтузарга таъкидлашича, маҳаллага газ баллон топшириш навбати уч ой деганда етиб келган. Бу вақт ичида кўпчилик оилалардаги суюлтирилган газ аллақачон тугади. Энди эса баллон топширишнинг ўзи яна бир муаммога айланди.

Аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, газ баллон топширмоқчи бўлган айрим хонадонларнинг паспорт маълумотлари базадан чиқмаяпти. Шу сабабли одамлар ўз номи ёки оила аъзолари номи чиқмай қолса, бошқа одам излаб сарсон бўлмоқда.

Одамлар газ баллон топшириш учун ҳам база, паспорт, навбат ва асаб синовидан ўтиши шартми? Туман газ таъминотидан Нарзулла исмли ходим паспортларни текшириб, рўйхат тузган. Аммо аҳоли унинг муомаласидан жиддий норози. Фуқароларнинг таъкидлашича, бирор эътироз билдирилса, у “мен давлат ишини қиляпман, Президент қарорини бажаряпман”, деб жавоб беряпти.

Уч ойлаб газни кечиктирган ташкилот ходими уялмай-нетмай Президент қарорини рўкач қиляпти.

Гап қишлоқ одамларининг кундалик тирикчилиги, овқати, иссиқ чойи, бола-чақасининг эҳтиёжи ҳақида кетяпти. Олиб кетилган газ баллонлар бир ҳафта деганда зўрға тўлдириб қайтарилади. Баллонлар ҳар 45 кунда белгиланган тартибда тўлдириб келинса, одамлар бундай овора бўлмасди. Аммо навбат 3-4 ойда бир келса, ҳатто тўртта баллон ҳам етмайди.

Аҳоли масъуллардан суюлтирилган газ баллонларини қабул қилиш ва тўлдириб қайтариш тартибини соддалаштиришни, одамларнинг паспорт маълумоти баҳонасида овора қилинмаслигини, ходимлар муомаласи назоратга олинишини сўрамоқда. Энг зарур эҳтиёжларни ҳам сўраб, сарғайиб кутиб, ялиниб-ёлвориб олиш керак бўляпти. Шармандали ҳол.