Самарқанд вилояти Қўшработ туманида аёлга Telegram орқали шаҳвоний мазмундаги хабарлар ва порнографик видеолар юборган маҳалла раисига беш сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Суд ҳужжатига кўра, «Катта Оқмачит» маҳалласи раисига оид иш 2026 йил 29 сентябрда жиноят ишлари бўйича Қўшработ туман судида кўриб чиқилган.

Жабрланувчининг кўрсатмасига кўра, у эри билан келишмовчиликдан сўнг отасининг уйига кетган. Маҳалла раиси ва хотин-қизлар фаоли эр-хотинни яраштириш учун аралашган. Шу жараёнда раис аёлнинг телефон рақамини олган.

Кейинчалик у аёлга ишқий ва жинсий муносабатларни таклиф қилиб, хабарлар юбора бошлаган. Аёл уни блоклаганидан кейин ҳам бошқа аккаунтлардан порнографик видеолар келганини билдирган.

Маҳалла раиси судда айбини тан олмаган. У ёзишмаларни ўз телефонидан хотини амалга оширганини, порнографик материалларни эса ўзи юбормаганини айтган. Суд жабрланувчининг кўрсатмалари, ёзишмалар акс этган суратлар, видеотасвирлар ва бошқа далиллар асосида унинг важларини асоссиз деб топган.

Cуд раисни шаҳвоний шилқимлик ва порнографик маҳсулотларни тарқатиш билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарликларда айбдор деб топиб, узил-кесил жазони беш сутка маъмурий қамоқ этиб белгилаган.

Шилқим раис қамағда.