ҚОРОВУЛБОЗОРДАГИ ЁНҒИНДА ИККИ КИШИ ҲАЛОК БЎЛГАН
Қоровулбозор туманида нефть омборидаги ёнғин оқибатида икки киши ҳалок бўлгани, яна бир неча киши оғир аҳволда экани иддао қилинмоқда. Расмийлар эса ҳозирча фақат уч киши жароҳат олгани ҳақида маълумот берган.
Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида 15 сентябрь куни содир бўлган ёнғин оқибатида икки киши вафот этгани ҳақида Элтузарга маълумот келди. Мурожаат қилган шахснинг айтишича, яна тўрт киши оғир аҳволда. Таҳририят ҳозирча ўлим ҳолатлари ва жароҳатланганлар сони ҳақидаги бу маълумотларни мустақил тасдиқлай олмади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг дастлабки ахборотига кўра, ёнғин Қоровулбозор тумани «Чўлқувар» маҳалласидаги нефть маҳсулотларини сақлаш омбори резервуарларидан бирида чиққан.
Хабар «112» тизимига соат 10:30 да келиб тушган, ёнғин 11:18 да ўчирилган. Уни бартараф этишга 14 та қутқарув бўлинмаси жалб қилинган. Ўша пайтда ФВВ уч киши куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилганини маълум қилган. Омбор Бухоро нефтни қайта ишлаш заводига қарашли бўлган.
Элтузарга 23 сентябрь куни йўлланган мурожаатда жароҳатланганлардан бири 18 сентябрда, яна бири кейинроқ вафот этгани айтилган. Манба уларни фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари деб таърифлайди. Бироқ дастлабки расмий хабарда жароҳатланганлар «фуқаролар» деб кўрсатилган; уларнинг иш жойи ва кейинги аҳволи ҳақида биз кўрган хабарларда маълумот йўқ. Шунингдек, дастлабки хабарда уч киши жароҳатлангани қайд этилгани ҳолда, мурожаатда икки ўлимдан ташқари яна тўрт бемор борлиги айтилади.
Мурожаат муаллифи резервуарда 28 тонна бензин яширинча сақлангани, уни «бўш» деб кўрсатиб, кран ўрнатишга уринган пайтда ёнғин чиққанини ҳам даъво қилмоқда. Бу версияни тасдиқловчи ҳужжат ёки мустақил далил таҳририят ихтиёрида йўқ. ФВВнинг дастлабки ахборотида ёнғин сабаби ва зарар миқдори аниқланаётгани айтилган. Шу боис бензин яширилгани, уни сотиш режалаштирилгани ёки воқеа яширилаётгани ҳақида хулоса чиқаришга ҳозирча асос йўқ.
Элтузар ФВВ, «Ўзбекнефтгаз» ва соғлиқни сақлаш идораларидан ёнғинда жабрланганларнинг кейинги аҳволи, эҳтимолий ўлим ҳолатлари, резервуардаги ёқилғи ҳажми ҳамда ҳодиса сабаблари бўйича очиқ маълумот беришни сўрайди.
Идораларнинг изоҳини эълон қилишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг