Бухоро вилояти Қоровулбозор тумани Чўлқувар маҳалласи, Буюк Ипак Йўли кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли сўнгги вақтларда ҳавода келиб чиқиши номаълум бўлган ўта кучли ва бадбўй ҳид тарқалаётганидан шикоят қилмоқда.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, айрим вақтларда ҳид шу даражада кучаядики, очиқ ҳавода узоқ вақт қолиш қийинлашади. Томоқ ачишиши, нафас олиш оғирлашиши ва бўғилишга ўхшаш нохуш ҳолатлар кузатилаётгани айтилмоқда. Бу эса, табиийки, ҳудудда яшовчи фуқаролар орасида саломатлик ва экологик хавфсизлик билан боғлиқ жиддий хавотирларни кучайтирмоқда.

Чўлқувар маҳалласига яқин ҳудудда нефть маҳсулотлари билан боғлиқ фаолият юритувчи «Petrochem Buxara» корхонаси жойлашган. Айрим фуқаролар қўланса ҳид айнан шу корхона ёки унинг атрофидаги ишлаб чиқариш жараёнлари билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Бироқ ҳозирча ҳиднинг аниқ манбаси бўйича расмий ва лаборатория таҳлилига асосланган хулоса мавжуд эмас. Шунинг учун ҳам масалага тахминлар эмас, аниқ ўлчов ва текширувлар асосида ойдинлик киритиш зарур.

Мутасадди экологик идоралар ҳудудда атмосфера ҳавосидан намуналар олиб, ҳаво таркибида зарарли моддалар мавжуд ёки мавжуд эмаслигини замонавий лаборатория усулларида текшириши керак. Таҳлиллар нафақат кундузи, балки ҳид энг кучли сезилаётган вақтларда ҳам ўтказилиши мақсадга мувофиқ.

Энг муҳими, текширув натижалари ва аниқланган моддалар миқдори жамоатчиликдан яширилмасдан, очиқ эълон қилиниши лозим. Агар ҳавони ифлослантириш манбаси аниқланса, уни бартараф этиш, аҳоли саломатлигига етказилиши мумкин бўлган хавфни камайтириш ва масъул субъектларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш талаб этилади.

Қоровулбозор аҳолиси бу масала юзасидан Экология қўмитаси ва бошқа мутасадди идоралардан расмий текширув, аниқ лаборатория хулосаси ҳамда жўяли амалий чоралар кутиб қолмоқда.