НОҚОНУНИЙ ДИНИЙ САБОҚ УЧУН СУД ҲУКМИ
Қўрғонтепалик аёл вояга етмаган тўрт нафар қизга махсус рухсатсиз диний сабоқ бергани учун Жиноят кодексининг 229²-моддаси бўйича айбдор деб топилиб, бир йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.
Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида вояга етмаганларга махсус диний маълумот ва тегишли рухсатсиз диний таълим берган аёл суд ҳукми билан бир йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилди.
Суд ҳукмида қайд этилишича, Марғубахон Гаипова 2026 йил 3 июль куни соат 21:00 атрофида Андижон вилояти ва Қўрғонтепа тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир вақтида аниқланган.
Иш материалларига кўра, у махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилот бошқаруви марказий органининг рухсатини олмаган ҳолда Қўрғонтепа туманидаги яшаш уйида тўрт нафар вояга етмаган қизга диний таълимотдан сабоқ бериб келган.
Суд Марғубахон Гаиповани Ўзбекистон Жиноят кодексининг 229²-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди.
Унга бир йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ҳукмга мувофиқ, Гаипова ишлаш ёки ўқиш вақти, шунингдек иш ёки ўқиш жойига бориб-келиш учун зарур вақтдан ташқари пайтларда яшаш жойидан чиқиши чекланади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг