“Қорақалпоғистон Республикасида махсус майнинг зонасини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Жараёнлар аллақачон жадаллашган.

Ҳужжатга кўра, ҳокимият бутун Қорақалпоғистон ҳудудини қамраб оладиган Besqala Mining Valley махсус майнинг зонасини ташкил этади. Ҳудуд доирасида майнинг учун ягона энергия тизимининг электр энергиясидан, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбаларининг барча турларидан, жумладан водород электр стансияларида ишлаб чиқарилган электр энергиясидан фойдаланишга рухсат берилади.

Ушбу зонада қазиб олинган криптоактивларни миллий криптобиржалар ёки хорижий платформалар орқали, шу жумладан тўғридан-тўғри шартномалар асосида сотиш, шунингдек, уларни бошқа ликвид криптоактивларга айирбошлаш ва бошқа операцияларни амалга оширишга рухсат берилади. Шу билан бирга, Besqala Mining Valley махсус майнинг зонаси дирекцияси ташкил этилади.

2035-йил 1-январгача резидентларнинг майнинг билан боғлиқ операциялардан олган даромадлари солиқ ва йиғимлардан озод этилади.