ҚОРАКЎЛДА НОГИРОНЛАРГА АЖРАТИЛГАН МАБЛАҒЛАР ТАЛОН-ТОРОЖ ҚИЛИНДИ
Қоракўл туманида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ажратилган ижтимоий хизматлар пули қоғозда «ўзлаштирилгани», хизматлар эса амалда ўтказилмагани иддао қилинмоқда. Мурожаатлар ўз вақтида кўрилмаётгани савол ва норозиликларга сабаб бўлди.
Бухоро вилояти Қоракўл туманида ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилиши керак бўлган ижтимоий хизматлар ва улар учун ажратилган маблағлар талон-торож қилингани ҳақида жиддий шубҳа юзага чиқди.
Туманда 105 нафар ногиронлиги бўлган фуқарога пуллик ижтимоий хизмат кўрсатилиши белгиланган. Ҳар бир фуқаро учун тиббий хизматга 1 миллион 200 минг сўм, маиший хизматга эса 700 минг сўмдан маблағ ажратилиши лозим.
Бироқ фуқароларнинг иддаосига кўра, мазкур хизматлар айрим ҳолларда амалда кўрсатилмасдан, ҳужжатларда расмийлаштирилган холос.
Жумладан, Пўлатова Ойпара, Бешимов Ҳамроқул ва бошқа бир қатор ногиронлиги бўлган шахсларга хизмат кўрсатилгани ҳақида ҳужжатлар тузилиб, иш ҳақи олингани билдирилмоқда. Айни дамда ушбу масалани кўтарган бир гуруҳ 1-гуруҳ ногиронлари маҳалладаги ижтимоий реестрдан чиқариб ташланганди.
25 март куни ҳолат юзасидан Элтузарга аудио юборган Ширинов Суннатилло босимлар ва кўмакдан маҳрумлик ортидан кейинчалик вафот этган. Фуқаролар 6 март, 9 апрель ва 6 май кунлари 1000 ишонч рақамига бир неча бор мурожаат қилишди. Аммо ҳар сафар шикоят Қоракўл туман Ижтимоий хизмат кўрсатиш агентлигининг ўзига йўналтирилди.
Қоракўл туман маъмуриятининг кучи фақат ногиронларга етадими? Нега шикоятлар юмалоқ ёстиқ қилиб айлантирилади? Ижтимоий ҳимоя агентлиги қачонгача бу муаммони пайқамай юради?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг