ҚЎҚОНДАГИ БОШПАНАСИЗ ИНСОН ЖАМИЯТ ЁРДАМИГА МУҲТОЖ
Қўқондаги суд биноси рўпарасида қарийб 4 йилдан бери очиқ осмон остида яшаб келаётган, спиртли ичимлик истеъмол қилмайдиган ва бировга зиёни тегмайдиган инсон давлат ва жамият ёрдамига муҳтож экани маълум бўлди.
Қўқонда 4 йилдан бери кўчада яшаб келаётган инсонга ёрдам керак.
Қўқон шаҳридаги Суд биноси рўпарасида, электр шити ёнида бир фуқаро қарийб 4 йилдан буён очиқ осмон остида ҳаёт кечирмоқда.
Маълум бўлишича, у қишнинг совуғи, ёзнинг жазирамаси, ёмғир ва қорга қарамай шу ерда тунаб келади. Озиқ-овқатни эса яқин атрофдаги ошхонадан қолган таомлар ҳисобига топмоқда.
Энг муҳими, маҳаллий аҳоли айтишича, бу инсон спиртли ичимлик истеъмол қилмайди ва бировга зиёни тегмайди. Турмушдаги оғир шароит сабаб кўчада қолган, ҳозир эса давлат ва жамият кўмагига муҳтож.
Бу ҳолат нафақат бир инсоннинг оғир тақдири, балки жамият учун ҳам жиддий ижтимоий масаладир. Унга бошпана, тиббий кўрик ва ижтимоий ҳимоя чоралари зарур.
Қўқон шаҳар ҳокимлиги, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази, ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлардан ушбу фуқаронинг ҳолатини зудлик билан ўрганиб, амалий ёрдам кўрсатишларини сўраймиз.
Инсоннинг қадри унинг бугунги аҳволи билан эмас, унга қийин пайтда қўл узатишга тайёр жамият билан ўлчанади. Баъзан бир инсоннинг ҳаётини ўзгартириш учун катта маблағ эмас, бироз эътибор ва масъулиятнинг ўзи кифоя.
Агар ушбу инсонни танийдиганлар ёки унинг яқинлари ҳақида маълумотга эга бўлганлар бўлса, таҳририятга хабар беришларини сўраймиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг