Элтузар таҳририятига Фарғона вилоятида мактаб директорларини тайинлашда менежерлик сертификати бўйича белгиланган талаблар четлаб ўтилиши мумкинлиги ҳақида мурожаат келиб тушди. Мурожаатда Қўқон шаҳридаги 4, 20 ва 26-сонли мактаблар тилга олинган.

Мурожаат муаллифининг иддаосига кўра, ушбу уч мактабда директор вазифасини вақтинча бажариб келаётган шахслар менежерлик сертификатини олиш учун ўтказилган якуний синовлардан ўта олмаган. Шунга қарамай, уларни доимий директор лавозимига қолдириш ҳаракати бўлаётгани айтилмоқда.

Энг катта савол эса вакансиялар билан боғлиқ. Мурожаатда айтилишича, аввал бўш директорлик лавозимлари сифатида кўрсатилган Қўқон шаҳридаги 4, 20 ва 26-мактаблар кейинчалик вакант лавозимлар рўйхатидан чиқариб ташланган.

Манба бу ҳолат Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси раҳбарияти томонидан мазкур мактаблардаги вақтинча раҳбарларни лавозимда сақлаб қолишга уриниш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини иддао қилмоқда.

Аммо қонунчиликда директорликка қўйилган талаб анча аниқ.

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарори билан тасдиқланган низомда менежерлик сертификати “давлат мактаби директори лавозимида ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат” деб белгиланган. Шунингдек, мактаб директори бўш лавозимига номзодлар фақат сертификатга эга кадрлар орасидан танлаб олиниши кўрсатилган.

Низомнинг 38-бандига кўра, биринчи якуний синовдан ўта олмаган амалдаги директор икки ой ичида яна бир марта синов топшириши мумкин. Агар у белгиланган муддатда синовда қатнашмаса ёки иккинчи марта ҳам етарли балл тўплай олмаса, белгиланган тартибда лавозимидан озод этилади.

Таҳририятга тақдим этилган ҳужжатларда, шунингдек, Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг 2026 йил 13 январдаги 9-сон буйруғи билан мактаб раҳбарлари учун малака талабларига ўзгартишлар киритилгани қайд этилган. Очиқ манбаларда ҳам мазкур санадаги 9-сон буйруқ айнан умумий ўрта таълим мактаблари ходимларининг асосий лавозимлари малака тавсифларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишга оид экани кўрсатилган.

Таҳририят Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда ваколатли назорат органларидан ушбу саволларга очиқ ва ҳужжатларга асосланган жавоб кутади.