Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида крипто-активлар билан ноқонуний савдо қилган шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди.

Суд ҳужжатларига кўра, Қўқон шаҳрида яшовчи, муқаддам судланмаган М.Т. 2025 йил май ойидан 2026 йил январь ойига қадар “Tonkeeper” иловаси орқали крипто-активлар сотиб олиш ва айирбошлаш билан шуғулланган.

Жиноят тезкор тадбир давомида фош бўлди, крипто тужжор ушбу давр мобайнида жами 45 минг 757 АҚШ долларига тенг бўлган крипто-активлар айланмасини амалга оширган. Бу маблағ миллий валюта ҳисобида 583 миллион сўмдан зиёдни ташкил этди.

Тергов материалларида қайд этилишича, айбдор крипто-активлар соҳасида хизматлар кўрсатиш фаолияти учун қонунчиликда белгиланган лицензияни олмаган ҳолда ушбу фаолият билан шуғулланган. Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ҳам М.Т. лицензия олиш учун мурожаат қилмагани ва унга ҳеч қандай лицензия берилмаганини тасдиқлади.

Суд М.Т.ни Жиноят кодексининг 278⁸-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди.

Суд иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосини тайинлади.