Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги 8-сонли умумтаълим мактаби директори 2025 йилда оғир жарроҳлик амалиётини бошдан кечирганидан сўнг саломатлиги ёмонлашганлиги сабабли ўз хизмат вазифаларини тўлиқ бажара олмаётгани ҳақида Элтузарга муаллимлар ва ота-оналардан мурожаат келиб тушди.

Мурожаат муаллифларининг иддаосига кўра, операциядан кейин орадан қарийб икки ўқув йили ўтган бўлса-да, таълим муассасасига янги раҳбар тайинланмаган ва мактабда бошқарув тизими издан чиққан.

Мактаб раҳбарининг узоқ вақт давомида хизмат вазифасини бажара олмаслиги меҳнат қонунчилигида белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳоланиши, зарур ҳолларда эса вақтинча ёки доимий равишда бошқа раҳбар тайинланиши лозим. Айни дамда мактабда ўқув интизоми, педагогик жамоа фаолияти ва моддий-техник таъминот устидан назорат сусайган.

Директор лавозимнинг шахсий алоқалар ёки таниш-билишчилик таъсирида сақлаб турилгани ҳақида шубҳалар болалади.
Масъул идоралар директорнинг меҳнатга лаёқатлилиги масаласини тиббий ва ҳуқуқий жиҳатдан қайта кўриб чиқиши лозим. Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси икки йил давомида юзага келган мактабдаги бебошликни қандай изоҳлайди?