ҚИЗИЛТЕПАДА МАКТАБ ЖАМОАСИ «ЙИҒИМГАРЧИЛИК»ДАН НОРОЗИ
Қизилтепанинг 8-мактабида ўқитувчилардан мактаб фасади ва пардаларни таъмирлаш учун маошидан қатъи назар 1 миллион сўмгача йиғилаётgani, улар таътил пайтида ҳам мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани қонун талабларига зид ҳолда давом этмоқда.
Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 8 сонли умумий ўрта таълим мактабида педагог ходимлардан мактаб таъмири учун пул маблағлари йиғиляпти. Ўқувчидан йиғилмаса, ўқитувчидан йиғилади-да – азалий анъана бу.
Мактаб фасадини таъмирлаш ва пардаларни янгилаш ишлари учун ўқитувчилардан маош миқдоридан қатъи назар 1 миллион сўмгача маблағ талаб қилинмоқда. Яъни одатдаги 100-200 минг сўм эмас, анчагина катта пул йиғиляпти.
Педагогларга мактаб ҳудудидаги муайян жойлар бириктирилиб, таъмирлаш ишларида иштирок этиш вазифаси ҳам юклатилди. Ўзи ишлашни истамаган педагог мардикор ёллаши мумкин деб ўйлаймиз.
Йиғим-теримга таълим муассасаси раҳбариятининг икки нафар ўринбосари бошчилик қилмоқда. Директор яқинда иш бошлагани сабабли вазиятдан тўлиқ хабардор бўлмаслиги ёки масала кўламини тўлиқ англамаслиги мумкин.
Педагоглар таътил даврида таъмирлаш ишларига жалб этилаётгани ва таътил пулининг бир қисми мактаб эҳтиёжларига сарфланиши мумкинлигидан норозилар, табиийки.
Лекин бирор ўқитувчи прокуратурага ариза йўлламайди. Тўғриям қилишади, хал бўлмаслиги аниқ масала учун ёмонотлиқ бўлиш керакмас.
Ўзбекистон қонунчилигига кўра, педагогларни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга мажбурий жалб қилиш тақиқланган. Лекин қонунларимиз ҳам қоғозда қолиб кетган. Сўнгги йилларда ўқитувчиларни таъмирлаш, ободонлаштириш ва бошқа мажбурий меҳнат турларига жалб қилган раҳбарларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланиб келинмоқда. Яккам-дуккам чоралар намойишкорлик йўлида қўлланади.
Қизилтепа тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳамда бошқа масъул идораларнинг бу вазиятда қарори нима бўлади? Намойишкорона чорами ёки сукунат?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг