Навоий вилояти Қизилтепа туманида бир неча мактаб ва мактабгача таълим муассасалари раҳбарларининг оммавий равишда лавозимидан озод этилгани ва айримларига нисбатан босимлар бўлаётгани ҳақида Элтузарга жиддий мурожаатлар келиб тушмоқда

Маълумотларга кўра, тумандаги 19 мактаб директори Д. Аслонов, 34 мактаб директори И. Сайидов, 9 мактаб директори А. Туйғунов ҳамда 18 сонли боғча директори Х. Абдуллаева лавозимидан озод этилган. Шу билан бирга, яна бир қатор мактаблар — 25, 24, 26, 27, 28, 29, 35 ва 4-сонли таълим муассасалари раҳбарларига нисбатан турли шаклдаги босимлар бўлмоқда.

Туман ҳокими ўринбосари Ўлмас Истамов таълим муассасалари раҳбарларини лавозимдан олиш, кўчириш ёки уларга нисбатан турли “ўрганишлар” ташкил қилиш билан шуғулланмоқда.

Қонунчиликка кўра, мактаб директорларини тайинлаш ва лавозимдан олиш ваколати таълим бошқармалари ихтиёрида. Аммо Қизилтепада бу жараёнларга маҳаллий ҳокимлик таъсири ортиб бораётгани ҳавотирли.

Ҳоким ўринбосарининг молиявий фаолияти ҳам шубҳалар уйғотмоқда. Хусусан, туман марказидаги “Чинор” кафеси, бир неча кўчмас мулк айнан шу мансабдорга тегишлилиги таъкидланмоқда. Шу ўринда бу маълумотлар иддао эканлигини, мулкдор ва мулк манбаалари Элтузарга номаълумлигини қайд этишимиз лозим.

Бу масала коррупцияга қарши курашиш органлари томонидан ўрганилиши керак бўлган масалалардан ҳисобланади.

Элтузарнинг саволи эса қуйдагича: нега ҳокимлик вакили таълим тизимида фаолият юритаётган раҳбарларга босим қилмоқда? Ва нега ноқонуний аралашувга нисбатан таълим бошқармаси муносабат билдирмаяпти?