3 ЙИЛЛИК ТАҚИҚ ҚАЕРДА ҚОЛДИ? ҚИЗИЛТЕПАДА СОБИҚ ДИРЕКТОР ЯНА КУРСИДА
Қизилтепада мукофот пулларини талон-торож қилгани айтилган мактаб директори лавозимидан четлатилгани ва унга уч йиллик мансаб чеклови қўлланилгани иддао қилинаётган бир пайтда, орадан ярим йил ўтиб яна йирикроқ мактабга раҳбар этиб тайинлангани бўйича саволлар очиқ қолмоқда.
Элтузарга Навоий вилояти Қизилтепа туманидан келиб тушган мурожаатда, аввал лавозимидан четлатилган мактаб директори орадан бир неча ой ўтиб бошқа, янада йирикроқ мактабга директор вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани айтилмоқда.
Мурожаат муаллифининг билдиришича, гап Қизилтепа туманидаги 34-мактабнинг собиқ директори Икром Саидов ҳақида кетмоқда.
Шикоятда айтилишича, 2025 йил 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ажратилган мукофот пуллари мактабнинг айрим техник ходимлари номига расмийлаштирилган, аммо маблағлар амалда ходимларга берилмай, бошқа мақсадларга ишлатилган.
Мурожаат муаллифига кўра, бундан норози бўлган ходимлар директор устидан прокуратурага ариза билан мурожаат қилган. Шундан сўнг ҳолат ўрганилиб, директор лавозимидан озод этилгани ҳамда унга уч йил давомида мансабдорлик лавозимларида ишлаш тақиқлангани иддао қилинмоқда.
Бироқ шикоятда қайд этилишича, орадан тахминан олти ой ўтиб, Икром Саидов Қизилтепа туманидаги 10-сонли умумтаълим мактабига директор вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Агар мурожаатда келтирилган маълумотлар ва суд томонидан уч йиллик мансабдорлик чеклови белгилангани ҳақидаги даъво тўғри бўлса, бундай тайинлов қандай ҳуқуқий асосда амалга оширилгани жиддий савол туғдиради.
Суд қароридаги чеклов мактаб директори ёки директор вазифасини бажарувчи лавозимига ҳам татбиқ этиладими? Агар татбиқ этилса, уч йиллик муддат тугамасдан туриб мазкур шахсни бошқа мактабга раҳбар этиб тайинлашга ким розилик берган? Тайинловдан олдин суд ҳукми ва бошқа ҳуқуқий чекловлар текширилганми?
Элтузар ҳозирча мурожаатдаги даъволарни мустақил равишда тасдиқлагани йўқ. Навоий вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, Қизилтепа тумани масъуллари, прокуратура ҳамда мурожаатда номи тилга олинган шахснинг расмий муносабати эълон қилинса, уни ҳам беришга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг