ЭНДИ ҚИММАТ ДОРИ СОТГАН ДОРИХОНАЛАР УСТИДАН ШИКОЯТ ҚИЛИШ МУМКИН
Рақобат қўмитасининг “сирли мижоз” текширувларида қатор дорихоналарда дори воситалари белгиланган нархдан 6 баробаргача қиммат сотилаётгани аниқланди. Қонунбузарлар бўйича чоралар кўрилмоқда, фуқаролардан эса қиммат дорилар юзасидан шикоят қилиш сўралди.
Айрим дорихоналарда дори воситалари белгиланган нархдан 6 баробаргача қиммат сотилган. Бу махсус текширув йўли билан аниқланди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан фармацевтика соҳасида ўтказилаётган “сирли мижоз” тадбирлари давомида айрим дорихоналарда дори воситалари белгиланган нархдан бир неча баробар юқори нархда сотилаётгани аниқланди.
Хусусан, “Shunqorlar” МЖЧда «Полимик» дори воситаси 12,8 минг сўм ўрнига 70 минг сўмдан, «Конвулекс» эса 66,4 минг сўм ўрнига 395 минг сўмдан таклиф этилган.
«Muno farm» МЧЖда «Стимулотон» препарати белгиланган 50,6 минг сўм ўрнига 295 минг сўмдан сотилган. Шунингдек, «Hosil farm» МЧЖда айрим дори воситаларига белгиланган меъёрдан ортиқ устама қўйилган.
Текширувлар давомида «City farm», «Amir farm trade», «Feruza nur med», «Leader pharmagroup», «Pharm s golden» ва «Ruslan buyuk farm» каби дорихоналарда ҳам дори воситаларини белгиланган нархдан юқори нархда сотиш ҳолатлари аниқланган.
Қўмита маълумотига кўра, аниқланган қонунбузилишлар юзасидан белгиланган тартибда кўрсатмалар берилган ҳамда лицензия талаблари бўйича масалани қайта кўриб чиқиш учун тегишли ваколатли органларга сўровлар юборилган.
Рақобат қўмитаси дори воситалари нархлари устидан назоратни кучайтириш мақсадида “сирли мижоз” тадбирларини тизимли равишда давом эттиришини маълум қилди.
Дори воситаларини белгиланган нархдан асоссиз равишда юқори нархда сотиш истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади. Бунда истеьмолчи ҳуқуқи поймол этилганини сезиши билан тегишли тартибда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига ариўа билан ёки +998 71 207-48-00 (1159) рақамларига телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг