Тошкент вилоятининг Қибрай туманида йўллар «ужас» аҳволда, маҳаллалар ички йўллари ҳам, туманни Юнусобод билан боғлайдиган илонизи йўллар ҳам қўрқинчли тушга ўхшайди. Талабга жавоб бермайдиган бекатлару, кам сонли жамоат транспорти ҳақида сўз очмасак ҳам бўлар.

Мана бу «йўл» лақабли ўйдим-чуқур туманнинг Узумзор маҳалласидан ўтган. 2023 йилда Сунбула кўчасида сув қувури ўтказиш ишлари олиб борилди. Қувур ётқизиш жараёнида кўча асфальти қазилган, аммо ишлар якунланганидан кейин йўл қайта таъмирланмади.

Орадан қарийб 3 йил ўтган бўлса-да, бузилган кўча ҳануз аввалги ҳолатига келтирилмаган. Натижада ёзда чанг, ёмғирли кунларда эса лой ҳаракатланишда жиддий қийинчилик туғдирмоқда.

Фуқаролар бу масала юзасидан маҳалла оқсоқолига бир неча бор мурожаат қилганини билдирмоқда. Маҳалла раиси ва фаоллар Қибрай тумани ҳокими Музаффар Рашидовга ҳам бир неча марта мурожаат қилган. Бироқ бу туманнинг ҳокимига гапирдинг нимаю, деворга гапирдинг нима? Икковидан ҳам акс-садо чиқмайди.

«Кўчамизда юриб бўлмай қолган. Иссиқда чанг, ёмғирда лой. Сув қувури ўтказиб кетишди, лекин бузилган асфальт ҳалигача тикланмади», — дейди мурожаатчилар.

Сунбула кўчаси аҳолиси туман ҳокимидан баландроқ турувчи мутасаддилардан ушбу ҳолатга эътибор қаратиб, қазилган ва бузилган йўлни таъмирлаб беришни талаб қилишмоқда. Балки давлат ерининг ноқонуний ҳатловларию, кичик бизнесга босим қилишдан «зериккан» маҳаллий маъмурият енг шимариб йўл таъмирига киришар?