ШОШИЛИНЧ МУРОЖААТ: БОЛАЛАР ҲАЁТИ ХАВФ ОСТИДА
Қибрай туманида “Ромашка” номи билан лицензиясиз ишлаётган боғча болалар ҳаёти ва соғлиғига жиддий хавф солмоқда. Санитария, иситиш, электр ва овқатланиш шароитлари меъёрларга мутлақо жавоб бермаслиги айтилмоқда.
Тошкент вилояти Қибрай тумани Бирлик маҳалласи Қадирлик кўчасида “Ромашка” номи остида ноқонуний боғча фаолият юритаётgani ҳақида жиддий мурожаат келиб тушди. Унда қайд этилишича, мазкур масала оддий камчиликлар эмас, балки болалар ҳаёти ва соғлиғига бевосита таҳдид солаётган ҳолат билан боғлиқ.
Мурожаатда келтирилган маълумотларга кўра, боғча ҳеч қандай расмий рухсат ва лицензиясиз ишлаб келмоқда. Шунингдек, хоналар, жиҳозлар ва умумий шароит санитария талабларига мутлақо жавоб бермаслиги таъкидланган.







Айтилишича, тарбияланувчиларга берилаётган овқат бошқа жойдан ташиб келинади, иссиқ овқат эса деярли мавжуд эмас. Ошхонадаги шароит оғир аҳволда бўлиб, гигиена қоидалари қўпол равишда бузилгани билдирилмоқда.
Бундан ташқари, электр ва иситиш тизимлари хавфли ҳолатда экани, техника воситалари носозлиги сабаб исталган пайтда бахтсиз ҳодиса юз бериши мумкинлиги қайд этилган. Ҳожатхона болалар фойдаланиши учун мутлақо яроқсиз бўлиб, санитария меъёрларига зид ҳолатда экани ҳам урғулаган.
Мурожаат муаллифлари бинодаги умумий муҳитни носоғлом ва хавфли деб баҳоламоқда. Энг ачинарлиси, айнан шу жойда ёш болалар тарбияланаётгани жамоатчилик хавотирини янада кучайтирмоқда.
Шу муносабат билан, “Бу шароитда болаларни сақлаш кимнинг жавобгарлигида? Нега ушбу ноқонуний боғча ҳанузгача ёпилмаган?” деган саволлар ўртага ташланмоқда.
Жамоатчилик ва масъул идоралардан мазкур ҳолат юзасидан зудлик билан текширув ўтказиш, ноқонуний фаолиятга чек қўйиш ҳамда болалар хавфсизлигини таъминлаш талаб этилмоқда. Таъкидланишича, бу масала албатта жамоатчилик назоратига олиниши шарт.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг