ҚИБРАЙДА ГУЗАР ЎРНИДА ХУСУСИЙ УЙЛАР ҚУРИЛДИ
Қибрай тумани Узумзор маҳалласидаги аҳоли маблағи ва ҳашари билан барпо этилган «Оталар» чойхонаси ва гузар ҳудуди хусусийлаштирилиб, ўрнида кўп қаватли хусусий уйлар қурилгани айтилаяпти. Маҳалладошлар бу жараённинг қонунийлиги ва оқибатларидан хавотирда.
Тошкент вилоятининг энг баҳаво тумани Қибрайда ерлар қаричлаб сотилади. Тумандаги Узумзор маҳалласи аҳолиси Элтузарга мурожаат қилиб, жамоатчиликка тегишли бўлган гузар ҳудуди хусусийлаштирилгани ва бу ерда ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилаётганидан шикоят қилди.
Фуқароларнинг таъкидлашича, бир неча йил аввал маҳаллада аҳоли маблағи ва ҳашари ҳисобига қурилган «Оталар» чойхонаси, оммавий тадбирлар ўтказиладиган майдон ҳамда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиши учун хизмат қилган жой эди.
Ушбу маскан тўрт хона, катта айвон ва қўшимча бинолардан иборат бўлиб, маҳалла аҳолиси томонидан турли байрам ва сайиллар учун фаол фойдаланилган.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, маҳалланинг собиқ раиси Ҳикматулла Абдуллаев ушбу ҳудудни тадбиркорлик фаолияти баҳонасида хусусийлаштириб олди. Бу жараёнда Қибрай туман ҳокимлиги ва кадастр тизими масъулларининг иштироки борлиги иддао қилинмоқда.
Кейинчалик чойхона биноси бузиб ташланган ва ер майдони бир неча қисмга бўлиниб, хусусий уй-жой қуриш мақсадида бошқа шахсларга берилди. Ҳозирда мазкур ҳудудда икки ва уч қаватли уйлар қурилиши деярли якунланиб қолган.
Маҳалла аҳлининг асосий эътирозларидан бири сув таъминоти билан боғлиқ. Уларнинг билдиришича, янги қурилиш ишлари вақтида кўп йиллар давомида фойдаланиб келинган ички ариқ тармоқлари кўмиб ташланди. Ўнлаб хонадонлар томорқалари ва кўп йиллик дарахтлари сувсиз қолди.
Ер ажратиш тўғрисидаги қарорлар, аукцион орқали сотиб олинганини тасдиқловчи ҳужжатлар, ер тоифасини ўзгартириш бўйича қарорлар ҳамда қурилишга рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги ҳақида маълумотлар йўқ.
Ҳозир маҳалла кўчаси қурилиш майдончасига айланиб қолган, хавфсизлик талабларига риоя қилинмайди, канализация учун қазилган чуқурлар атрофида ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмаган. Бирор киши йиқилиб майиб бўлсачи?
Узумзор маҳалласи аҳолиси мазкур ҳолат юзасидан ваколатли давлат органлари томонидан холис текширув ўтказилишини, жамоатчилик мулкининг хусусийлаштирилиши қонунийлигига ҳуқуқий баҳо берилишини ҳамда қурилиш ишларининг қонунчилик талабларига мувофиқлиги ўрганилишини сўрамоқда.
Ҳолат бўйича Қибрай туман ҳокимлиги, Кадастр агентлиги филиали нима дейди?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг