ҚАШШОҚЛИК РИТОРИКАСИ
Ижтимоий тармоқларда кучайган «қашшоқлик риторикаси» – бойлар эҳсони, давлат нафақаси ва ресурслар тақсимотига оид талаблар ортида қандай иқтисодий, психологик омиллар ётгани ва барқарор фаровонлик нимага таяниши ҳақида таҳлилий мақола.
Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлган кундан бошлаб ижтимоий адолат масаласи вирус мавзуга айланган. Ижтимоий тармоқлардан аввал одамлар нотенгликни уйда, ишда, кўча-кўйда жонли муҳокама қилишарди.
Ҳозир эса Инстаграму-фейсбукдаги ҳашаматли уйлар, дабдабали тўйлар, ноз-неъмат кўплигидан синиб кетиши мумкин бўлган шоҳона дастурхонлар кўрган одамнинг кўзини куйдиради.
Балки шу сабаб тармоқларда “бойлар эҳсон қилсин”, “давлат табиий бойликлар даромадини халққа бўлиб берсин” мазмундаги фикрлар тез-тез айланади. Бу қарашлар муайян иқтисодий ва психологик ҳолатларнинг акс-садосидир.
Инсонлар иқтисодий хавфсизликка бўлган эҳтиёжни шу тариқа билдиради. Камбағал ва қуйи ўртаҳол қатламнинг доимий даромад манбаи барча талабларини қондирмайди. Истеъмолчи бўлиш қандай яхши эканлигини тарғиб қиладиган оммавий маданият муҳитида шахсий талаб ва эҳтиёжларимиз қурғур ортиб бораверар экан.
«Бойлар саҳоват қилсин», «давлат ижтимоий қўллаб-қувватласин»,«табиий ресурслар – умуммиллий бойлик» деган позиция бир қарашда мантиқан тўғридек кўринади. Бироқ ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалар кўпинча масаланинг фақат бир томонини ёритади.
Иқтисодий фаровонлик ойлик ёрдам пули билан эмас, кучли иқтисодиёт, шаффоф бошқарув ва мустаҳкам институтларга таянади.
Ижтимоий тармоқларда оддий ва ҳиссиётга таъсир қилувчи популистик ғоялар мураккаб иқтисодий ислоҳотларга қараганда тезроқ тарқалади. «Пулни бўлиб бериш» ғояси осон тушунилади. Аммо барқарор фаровонлик фақат қайта тақсимот билан эмас, кенг, серқирра имкониятлар яратиш орқали таъминланади.
Албатта, ижтимоий ҳимоя тизими ҳақиқатан эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаши, аммо боқимандалик кайфияти ўрнига фаоллик ва мустақилликни рағбатлантириши зарур. Қашшоқлик риторикасининг сабабларини бартараф этиш шаффоф ва ҳисобдор бошқарувни таъминлаш, иқтисодий имкониятларни кенгайтиришдан ибтидо олади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг