ҚАШҚАДАРЁДА СУҒОРИЛАДИГАН ЕРЛАР СОТИБ ЮБОРИЛМОҚДА
Қарши тумани Чоргумбаз маҳалласидан суғориладиган пахта ва ғалла ерларининг уй-жой участкаларига бўлиб ноқонуний сотилаётгани, маҳаллий идоралар эса даъволарни эътиборсиз қолтираётгани иддао қилинмоқда.
Қашқадарё вилояти Қарши тумани Чоргу́мбаз маҳалласидаги пахта ва ғаллачиликка ихтисослашган “Найим фермер” ерлари ноқонуний равишда бўлиб-бўлиб сотилмоқда. Маҳалла аҳлининг таъкидлашича, катта ер уй-жой участкалари сифатида бўлиб сотилмоқда.
Маҳалла аҳолиси бу ҳақда Элтузарга аввал ҳам мурожаат қилган. Аммо мурожаатдан кейин муаммо ҳал бўлиш ўрнига, аксинча, ер савдосида тилга олинаётган Бунёд исмли шахснинг бемалолроқ ҳаракат қилаётгани таъкидланмоқда.
Фуқароларнинг сўзларига кўра, Бунёд исмли ерсотар “менга ҳеч кимнинг тиши ўтмайди”, “ҳокимиятдагиларни ҳам сотиб олганман”, дея очиқчасига тан олган.
Бу гаплар асоссиз бўлса, нега суғориладиган давлат ерларини участкага айлантириш ҳақида қарорлар чиқарилди?
Маҳаллий прокуратура суғориладиган давлат ерларининг ноқонуний ўзлаштирилиши ҳақидаги даъволарни эътиборсиз қолдирмоқда? Маҳалла аҳлининг ўзи ҳам экин ер йўқ бўлишига қарши эмас. Улар ушбу ерни ҳақиқий эҳтиёжмандларга адолатли тарзда тақсимлашни, яъни уйсизларга текин тарқатишни сўрашяпти.
Лекин озиқ-овқат хавфсизлиги энг муҳим масала. Текин есанг тоғ қулайди. Эҳтиёжманд экан деб экин ерни ҳовлиларга бўлиб одамларга ҳатлаб бериш – ақлсизлик. Экинзорни хусусий секторга ким қўш қўллаб бериб юборди? Масала юзасидан кадастр агентлиги ва Бош прокуратура очиқ текширув ўтказадими?
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг