Қашқадарё вилояти Косон туманида Президент қарори чиппакка чиқди.

Президентнинг ПК-2853 қарори асосида Косон туманидаги янги савдо мажмуасига ажратилган ер амалда уч баробарга қисқарди.

Расмий қарор билан ажратилган 1,1 гектар ер майдони суд қарорлари орқали босқичма-босқич 0,33 гектаргача камайиб кетган.

2017 йилда деҳқон бозори ҳудудидан 1,1 гектар ер ажратилиб, “НБУ Бунёдкор Инвест” орқали замонавий савдо мажмуаси қурилиши бошланган эди.

Қурилишни “Косон 232-ХМКК” АЖ пудратчи сифатида амалга оширган.

Кейинчалик инвестор молиявий қийинчиликка учрагач, жамият лойиҳани ўз зиммасига олиб, 4 миллиард сўмдан ортиқ қўшимча инвестиция киритиб, объектни 2019 йилда ишга туширди.

Аммо 2021 йилда кадастрлаш жараёнида ер майдони ҳеч қандай аниқ асос кўрсатилмасдан 0,69 гектар қилиб расмийлаштирилган.

2024 йилга келиб эса туман ҳокимлиги суд орқали майдонни яна қисқартиришга эришган ва натижада жамият ихтиёрида атиги 0,33 гектар ер қолган.

Жамият вакиллари судларда сохта ҳужжатлар тақдим этилганини билдирмоқда.

Хусусан, даъвога асос қилинган 2019 йилги қарор Қашқадарё вилояти кадастр палатаси маълумотига кўра расман рўйхатдан ўтмаган.

Аввал Олий суд ишни кўрмасдан рад этган бўлса, кейинчалик Бош прокурор ўринбосари С. Артиқова протест киритиб, барча қуйи суд қарорларини бекор қилдирди.

Сабаб сифатида иш тўлиқ ўрганилмаган деган важ кўрсатилди.

Шунга қарамасдан, 2026 йил март ойида Қашқадарё вилояти маъмурий суди яна биринчи инстанция қарорини ўз кучида қолдирди. Суд қарори ижроси таъминланмаяпти.

Бош Прокуратура ва Олий суд ушбу ишни инкор этгач, инвесторлар додини кимга айтсин?