ҚАШҚАДАРЁДА МАЖБУРИЙ МИННАТДОРЧИЛИК ХАТЛАРИ ЁЗДИРИЛМОҚДА
Қашқадарёда Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган фуқаролардан масалалари тўлиқ ҳал этилмасидан туриб мажбурий «миннатдорчилик хатлари» ёздирилаётгани айтилмоқда. Бу амалиёт бутун республикада порталга ишончни сусайтиряпти.
Қашқадарё вилоятида Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган айрим фуқаролардан мурожаати тўлиқ ҳал этилмасидан туриб “миннатдорчилик хати” ёздириб олинмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича республика вакили Жавоҳир Муминовнинг маълум қилишича, баъзи ҳолатларда масъуллар фуқароларнинг яшаш уйи ёки иш жойига бориб, улардан ижобий мазмундаги хат олишга уриняпти. Ҳатто мурожаат мутлақо ҳал бўлмаган бўлса ҳам, фуқаролардан “розилик” ва “миннатдорчилик” билдирилган хатлар олиниб, юқори ташкилотларга юборилаётгани таъкидланмоқда.
Демак, мурожаатлар билан ишлаш тизимида жиддий муаммо бор. Фуқаронинг дардини ҳал қилиш ўрнига, қоғозда сохта ижобий натижа яратиш томошаси кимга керак? Вилоят ҳокимигами?
Инсон ҳуқуқларини муҳофаўа қилувчи вакил таъкидлашича, агар ушбу ҳолатлар рад этилса, фуқаролар томонидан аниқ далиллар тақдим этилади.
Таъкидлаш жоиз, Президент порталига юборилган шикоятлар изидан миннатдорчилик хати ёздириб олиш ҳолати биргина Қашқадарёда эмас, бутун республика бўйлаб кузатилади. Портал ўз самарадорлиги ва халқ ишончини айнан мана шундай муаммони «юмалоқ ёстиқ» қилиб кўмиб юбориш иллати сабаб йўқотмоқда.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг