Қашқадарё вилояти она ва бола марказида 1 октябрь — байрам куни ходимлар мажбурий меҳнатга жалб қилингани ҳақида Элтузарга мурожаат келиб тушди. Мурожаатга даъвони тасдиқлаш учун видео ҳам илова қилинган.

Мурожаатчиларнинг айтишича, марказнинг Лола исмли бош дояси ва поликлиниканинг Нафиса исмли катта ҳамшираси ходимларни байрам куни ишга жалб қилган. Улар бу ҳолатдан норози бўлиб, оила даврасида дам олиш ҳуқуқи нега таъминланмаётганини сўрамоқда.

«Бир кунлик байрамда наҳотки уйда ўтириб, оиламиз даврасида дам олишга ҳаққимиз йўқ? Буларга ким рухсат берди?» — дейилади мурожаатда.

1 октябрь куни Она ва бола марказидаги вазият қандай бўлган? Элтузар манбаси тақдим этган видео.

Ўзбекистон қонунчилигида 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни ишланмайдиган байрам куни ҳисобланади. Бироқ аҳолига узлуксиз хизмат кўрсатиш зарур бўлган айрим ишларни байрам кунлари ҳам бажаришга йўл қўйилади. Шу сабабли тиббиёт муассасасида байрам куни ишлашнинг ўзи мажбурий меҳнатни тасдиқламайди.

Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ва марказ раҳбариятидан мурожаат юзасидан изоҳ кутамиз. Ходимлар режали навбатчиликка чақирилганми ёки бошқа ишларга мажбуран жалб қилинганми? Мурожаатда номи келтирилган масъулларнинг муносабатини ҳам эълон қилишга тайёрмиз.