ҚАШҚАДАРЁ ВИЛОЯТИ ПРОКУРАТУРАСИ БИНОСИДА ФУҚАРО ОЧЛИК ЭЪЛОН ҚИЛДИ
Қашқадарё вилояти прокуратураси биносида фуқаро Акбаров Жўра Раимович ўз ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўлганини айтган ҳолда плакат билан чиқиш қилди ва очлик эълон қилди. Вилоят прокуратураси ҳозирча расмий муносабат билдиргани йўқ.
Қашқадарё вилояти прокуратураси биносида фуқаро Акбаров Джура Раимович плакат билан чиқиш қилиб, очлик эълон қилганини билдирди. Бу ҳақда ҳуқуқбон Жавоҳир Муминов Элтузарга маълум қилди.
Маълумотга кўра, фуқаро ўзининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари поймол бўлганини айтиб, Қашқадарё вилояти прокурори Б. Сайипов қабулига кира олмаганидан норозилик билдирган.
Акбаров Жўра Раимовичнинг таъкидлашича, унинг мурожаатларига етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. У мазкур ҳолатни жиддий ҳуқуқий муаммо сифатида баҳолаган.
Ҳодиса давомида прокуратура ходимлари вазиятни кузатиб тургани қайд этилмоқда. Мазкур ҳолат жамоатчилик орасида муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Фуқаро ўз мурожаатларининг қонуний тартибда кўриб чиқилишини, иш бўйича ҳақиқий ҳолатлар текширилишини ҳамда масъул органлар томонидан аниқ ва асосланган процессуал қарор қабул қилинишини талаб қилмоқда.
Қонунчиликка мувофиқ, ҳар бир фуқаро давлат органларига мурожаат қилиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни тиклашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, давлат органлари фуқаролар мурожаатларини белгиланган тартиб ва муддатларда кўриб чиқиши шарт.
Ҳозирча Қашқадарё вилояти прокуратураси мазкур ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирмаган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг