КОММУНАЛ ТЎЛОВЛАР ҚИММАТ, НЕГА ҚАШҚАДАРЁДА ЭЛЕКТРОМОНТЁРЛАР МАОШИ САРИҚ ЧАҚА?
Қашқадарёдаги магистрал электр тармоқларида ишловчи навбатчи электромонтёрлар 24 соатлик оғир сменалар, тўлиқ тўланмайдиган тунги соатлар ва етарли меҳнат шароити йўқлигидан норози. Улар иш вақти ҳисобини қонунга мослаштиришни сўрамоқда.
Қашқадарё магистрал электр тармоқларида фаолият юритаётган навбатчи электромонтёрлар меҳнат шароитлари ва иш ҳақи ҳисоб-китоблари юзасидан норозилик билдирмоқда.
Уларнинг таъкидлашича, 220/110/35/10/6 кВли подстанцияларда хизмат қилаётган навбатчилар 24 соатлик сменада – 12 соат кундузи ва 12 соат тунги вақтда ишлайди. Бироқ иш ҳақи ҳисобланишида фақат 12 соат кундузги ва 6 соат тунги иш вақти инобатга олинади, қолган тунги соатлар учун ҳақ тўланмайди.
Ходимлар смена давомида ухлаш ҳуқуқига эга эмас, айрим подстанцияларда ҳатто дам олиш хонаси ҳам йўқ. Шундай шароитда ҳам меҳнат ҳақи тўлиқ ҳисобланмаяпти.
Корхонада айрим муҳофаза воситалари ва иш журналларини ходимларнинг ўзи шахсий маблағи ҳисобидан сотиб олишга мажбур, ёзнинг иссиқ кунларида кондиционерсиз, юқори кучланишли ускуналар ва кучли магнит майдони таъсирида меҳнат қилиш осон эмас, устига-устак, соғлиқ учун зарарли.
Сменадошлар меҳнат таътилига чиққан вақтларда қолганлар бир кун иш, бир кун дам режимида узоқ муддат ишлашга мажбур бўлишяпти.
Мурожаат муаллифлари масъул идоралардан мазкур ҳолатларга ҳуқуқий баҳо беришни, иш вақти ҳисобини меҳнат қонунчилиги талаблари асосида қайта кўриб чиқишни ҳамда меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича амалий чоралар кўришни сўрамоқда. Бу «тежамкорликдан» бюджет тақсимловчи инстанциялар, ҳуқуқ-тартибот органларининг хабари борми ўзи?1
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг