Қашқадарё магистрал электр тармоқлари корхонасининг 35/10 кВ ва 35/6 кВ подстанцияларга хизмат кўрсатувчи электромонтерлар смена давомида 24 соат навбатчилик қилади. Бироқ ходимларнинг таъкидлашича, уларга 24 соатлик сменанинг фақат 18 соати учун иш ҳақи ҳисобланиб, тунги 6 соат учун ҳақ тўланмаяпти.

Ходимларга бу ҳолат «смена давомида 6 соат дам олиш вақти бор» деган изоҳ билан тушунтириляпти. Аммо мурожаатчиларнинг таъкидлашича, амалда ушбу вақтда ҳам улар тўлиқ дам олмайди.

«Агар бизда тунги 6 соат дам олиш ҳуқуқи бўлса, нимага бизни тунда дам олишга қўймасдан, тезкор ўчириб-улаш ишларига мажбурлашяпти?» – дейди мурожаат муаллифлари.

Одатда бир сменада 24 соат ишлаган ходим кейинги икки сутка дам олади. Аммо ходимлардан бири меҳнат таътилига чиққан тақдирда, унинг ўрнига қўшимча ходим ажратилмайди, натижада қолган икки нафар ишчи бир суткадан навбатма-навбат ишлашга мажбур бўлади.

«Биз оддий қоровул эмасмиз. Камида 6 кВ кучланишли электр қурилмаларига хизмат кўрсатамиз. Биргина нотўғри ўчириш ёки улашнинг ўзи бир нечта инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин», – дейилади мурожаатда.

Ходимларга шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимлар етишмайди. Бу ҳақида Элтузар бир неча марта хабар берганига қарамасдан, корхона ҳанузгача бирор чора кўрмади. Айрим подстанцияларда навбатчилар учун ҳатто алоҳида хона йўқ. Ходимлар ёзнинг иссиқ кунлари ва қишнинг совуқ ҳавосида очиқ осмон остида навбатчилик қилишга мажбур бўлишяпти.

Ходимлар бундай шароитда «дам олиш вақти» деган асос билан иш ҳақининг бир қисмини тўламаслик масаласини ҳам мантиқсиз деб ҳисобламоқда.

Корхона раҳбариятига ноқулай саволлар: 24 соатлик смена вақти қандай ҳисобланяпти ўзи? Тунги 6 соат учун нега ҳақ тўланмайди?