Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги тарихий объект ҳисобланган «Ўзбек ҳаммоми»га қарашли 21 сотих ер майдони билан боғлиқ баҳсли ҳолат юзасидан суд қарори қабул қилинди.

Маълум бўлишича, Қашқадарё вилояти маданий мерос бошқармаси тарихий объектнинг муҳофаза ҳудудини тиклаш мақсадида судга мурожаат қилган. Суд қарори билан «Ўзбек ҳаммоми»нинг муҳофаза ҳудуди ўз жойига қайтарилди.

Жамоатчилик вакиллари мазкур қарорни маданий меросни асраш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.
Шу билан бирга, мурожаатда Қарши шаҳар ҳокимининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари фаолияти билан боғлиқ гумонлар кучайди. Унинг аввал Қамаши туманида раҳбарлик қилган даврида ҳам 1-сонли боғчанинг 21 сотих ер майдони ва биноси «боксни ривожлантириш» баҳонасида берилгани иддао қилинмоқда.
Мурожаат муаллифлари икки ҳолатда ҳам айнан 21 сотих ер майдони тилга олинаётганига эътибор қаратиб, бу ҳолатларга ҳуқуқий баҳо берилишини сўрашмоқда.

Мазкур масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ва Қашқадарё вилояти прокуратурасидан ҳолатни ўрганиб, қонуний муносабат билдиришларини сўраймиз.