ҚАРШИ ДАВЛАТ ТЕХНИКА УНИВЕРСИТЕТИДА 2 МИЛЛИАРД СЎМ “ТУЯ ҚИЛИНДИ”МИ?
Қарши давлат техника университети раҳбариятига қарши молиявий қоидабузарликлар, талабалар рағбатлантириш пулларининг бошқа ҳисобларга йўналтирилиши ва тахминан 2 млрд сўмнинг манзилсиз сарфи ҳақида даъволар илгари сурилмоқда.
Қарши давлат техника университети раҳбарияти жиддий молиявий жиноятларда айбланмоқда. Олийгоҳнинг иқтисодий айланмаларидан бохабар жамоа вакиллари Элтузарга билдиришича, университет раҳбарияти атрофида шаклланган тор доира барча муҳим лавозимларни эгаллаб олган бўлиб, таълим муассасасида назорат ва масъулият тизими издан чиққан.
Университетнинг молия ишларига масъул Феруза Норқобилова фаолияти билан боғлиқ шубҳаларнинг жиддий асоси борлиги таъкидланмоқда. Иддао қилинишича, талабалар учун ажратилган рағбатлантириш маблағларининг бир қисми бошқа ҳисобларга йўналтирилган.
Шунингдек, фаолияти тугатилган Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ҳисоб рақамига қарийб 2 миллиард сўм маблағ ўтказилиб, кейинчалик айрим раҳбар ва масъул ходимларга мукофот сифатида тақсимланди.
Университетда раҳбар ходимларга 200 фоиз ва ундан юқори миқдорда устамалар расмийлаштирилган. Бироқ бу устамаларга мос натижа ва самарадорлик кўрсаткичлари мавжуд эмас.
Давлат бюджет сметаси тасдиқланиши жараёнида қоровул, фаррош ва бошқа оддий ходимларга ҳам устама ва рағбат пуллари ажратилиши кўрсатилган. Аммо смета тасдиқланганидан кейин ушбу ходимларнинг аксарияти рўйхатдан чиқарилиб, маблағлар асосан раҳбариятга яқин шахсларга йўналтирилди.
Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги комплекс текширув ўтказиши шарт. Текширув натижалари жамоатчиликка эълон қилинади ва назорат механизми кучайтирилади дея умид қиламиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг