«Қамчиқ автойўл» корхонасида меҳнатга ҳақ тўлаш, техника ижараси ва бюджет маблағларидан фойдаланиш билан боғлиқ қонунбузарликлар ҳақида ишчи-ходимлар Элтузарга бот-бот шикоят йўллашмоқда.

Мурожаатда хавфли шароитларда кечаю кундуз меҳнат қилаётган оддий йўл ишчилари нисбатан кам ойлик олаётган бир вақтда, айрим раҳбарларга яқин шахсларга юқори миқдорда маош тўланиши иддао қилиняпти. Шунингдек, корхонанинг қарздорлиги 80 миллиард сўмга етганига қарамай, раҳбарлар ва уларга яқин шахсларга тегишли техникалар ижара шартномалари орқали корхонага жалб қилиниб, улар учун ҳар ой катта маблағлар тўланяпти.

Ходимлар Бош прокуратура, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Транспорт вазирлиги ҳамда бошқа ваколатли идоралардан хизмат текшируви ўтказишни сўраб, ижара шартномалари, штат жадвали ва молиявий ҳужжатлар ҳуқуқий баҳолашни талаб қилишяпти. Ишчи-ходимлар яқин кунларда 7 нафар инсон ҳалок бўлган йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ҳам қўшимча ҳужжат ва далиллар тақдим эта олишларини ҳам билдиришди.

Юқорида номлари зикр қилинган ташкилотлар текширув ҳақида ўйлашяптими? Ҳозирча Қамчиқавтойўл ҳақидаги шикоятлар жавобсиз қоляпти. Афтидан, масъуллар ҳужжат кўринишида расмий шикоят аризаси кутишмоқда. Бу лоқайдликни бошқача изоҳлаб бўлмайди.