ҚАМЧИҚАВТОЙЎЛДАГИ ЗИҚНА «ТЕЖАМКОРЛИК» САБАБИ ИҚТИСОДИЙ ИНҚИРОЗМИ?
“Қамчиқ автойўл” ДМ ходимлари маошнинг йиллар давомида ўсмаслиги, тушунтирилмасдан ушлаб қолинаётган тўловлар, сифатсиз овқатланиш ва ҳужжатсиз хизмат сафари каби муаммолар ҳақида редакцияга мурожаат қилди. Улар масъул идоралардан холис текширув талаб қилмоқда.
“Қамчиқ автойўл” давлат муассасаси ходимлари меҳнат шароитлари, иш ҳақи ва хизмат сафарларига оид қатор муаммоларни баён этиб Элтузарга мурожаат қилишди.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, оддий ишчиларнинг маоши бир неча йилдан буён деярли ўзгармаган, айрим ҳолларда иш ҳақларидан сабаби тушунтирилмаган ҳолда ушлаб қолинади. Раҳбар ва маъмурий ходимлар билан оддий ишчилар ўртасидаги иш ҳақи тафовути ҳам анча катта.
Муассаса ошхоналарида овқат сифати қониқарсиз, оғир жисмоний меҳнат қилаётган ишчилар учун етарли шароит яратилмаяпти. Калориялар сифатли оқсил эмас, овқат махсулотлари бемаза ва сифатсиз.
«Шу яқин орада 30 нафарга яқин ишчи хизмат сафари ҳужжатларисиз ва тегишли компенсация тўловларисиз Хоразм вилоятига ишга юборилди. Хизмат сафари йўлкираси ҳам тўлаб берилмади. Бу раҳбарият бюджетни қисиб, иқтисод қилиб орттирган маблағни қандай ўзлаштирмоқчи?»
Муассасанинг электр энергияси бўйича катта миқдорда қарздорлиги мавжуд, шунга қарамай электр таъминоти давом этяпти. Меҳнат инспекцияси, Прокуратура, Ҳисоб палатаси ҳамда бошқа масъул идоралардан “Қамчиқ автойўл” фаолияти юзасидан холис ва ҳар томонлама текширув ўтказишни, ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишини сўраймиз. Шаффоф текширув ўтказишга манфаатлар тўқнашуви тўсқинлик қилмасмикан?
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ёки “Қамчиқ автойўл” расмий изоҳ эълон қилса, уни ҳам ёритишга тайёрмиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг