Қашқадарё вилояти Қамаши туманида болалар нафақаси ва эҳтиёжманд оилаларга ажратилаётган субсидиялар тақсимоти қисқариб кетди.

Эҳтиёжманд аҳолининг таъкидлашича, туманда болалар нафақасининг асоссиз қисқартирилиши ҳақида аввал ҳам бир неча бор масъвлларга мурожаат қилинган. Бироқ масъул ташкилотлар томонидан ушбу ҳолатларга муносабат билдирилмади ва тегишли текширувлар ўтказилмади.

Яна бир эътироз тумандаги 274 та хонадонга томорқа ерларини суғориш учун субсидия асосида сув насослари тарқатилгани билан боғлиқ. Масалан, Ўртадара маҳалла фуқаролар йиғинида сув таъминоти билан боғлиқ муаммоси бўлмаган, томорқаларини суғориш имконияти етарли айрим хонадонларга ҳам сув насослари берилди. Шунингдек, субсидия олувчилар орасида эҳтиёжманд оилалар реестрига киритилмаган шахслар ҳам борлиги, таниш-билишчиликка йўл қўйилгани ҳақида иддаолар илгари сурилмоқда.

Маҳалладаги ижтимоий ходимлар фаолиятини холис текшириш, субсидия олувчилар рўйхати ва уларни танлаш мезонларини ўрганиш зарур.

«Туманда бу ҳолатларни текширадиган ташкилот йўқми? Нега масъуллар жим? Давлат томонидан эҳтиёжманд оилалар учун ажратилаётган ёрдамлар ҳақиқатан ҳам ўз эгаларига етиб боряптими?», дейди аҳоли.

Бу масалалар юзасидан вилоят ва республика даражасида мустақил текширув ўтказилишини, болалар нафақаси ҳамда субсидиялар тақсимотининг қонунийлиги ўрганилиши учун шахсни ошкор қилиб Бош прокуратурага арз қилиш шартми?