ҚАМАШИДА БОЛАЛАР НАФАҚАСИ МУРОЖААТЛАРИ СОХТА ДАЛОЛАТНOМА БИЛАН ЁПИЛМОҚДА
Қамаши туманида болалар нафақаси нега қисқартириляпти? Сентябрь ойида келган 20 га яқин шикоят бир хил, асоси тушунарсиз далолатномалар билан ёпилмоқда. Таҳририят мутасаддилардан очиқ ва расмий изоҳ кутмоқда.
Элтузар таҳририятига Қашқадарё вилояти Қамаши туманида болалар нафақаси билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиш тартибидан норози бўлган фуқародан мурожаатлар келиб тушяпти.
Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, Қамашида болалар нафақаси нега қисқартирилгани юзасидан масъулларга савол берилган, аммо ҳозирга қадар аниқ ва асослантирилган жавоб йўқ.
Сентябрь ойининг ўзида ушбу масала юзасидан 20 га яқин мурожаат қилинди. Бироқ уларнинг ҳар бири алоҳида ўрганилиши ўрнига, мурожаатлар бир хил мазмундаги далолатнома асосида ёпиб юбориляпти.
«Президентимиз фуқароларни камбағалликдан фақат қоғозда чиқаришни эмас, уларнинг дардини эшитиш, муаммосини ўрганиш ва амалий ёрдам беришни талаб қилмоқда. Аммо тумандаги айрим ижтимоий хизмат ходимларининг ҳаракатлари бу талабларга зиддек», — дейди мурожаат муаллифлари.
Минбардаги топшириқлар қуйи поғонада том-тескари мазмун касб этишини билмайсизларми, ҳурматли мурожаатчилар? Қамаши туманида болалар нафақасининг қисқартирилиши сабаблари, сентябрь ойида келиб тушган мурожаатларнинг қандай ўрганилгани ҳамда уларнинг қайси асосларга кўра ёпилганини мутасадди ташкилотлар изоҳлайдими? Ёки ноқулай сукут сақлаб туришадими?
Масъул идоралардан ушбу ҳолатга муносабат ва расмий изоҳ кутамиз.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг