2025 йил ёзида Францияда ўғирлаб кетилгани ва қийноққа солинганини билдирган ўзбекистонлик бонкачи Қаҳрамонжон Олимов энди ўзи одам ўғирлашни ташкил этишда гумонланмоқда. Бу ҳақда The Insider нашри Олимовнинг атрофига яқин манбага таяниб хабар берди.

Нашр манбасининг айтишича, Ўзбекистон суди Олимовга нисбатан сиртдан қамоққа олиш эҳтиёт чорасини қўллаган ва у халқаро қидирувга берилган.

Бироқ иш бўйича Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ёки судларининг очиқ расмий ахбороти ҳозирча эълон қилингани йўқ.

The Insider манбаси Олимов Франциядаги ўғирланиш воқеасини саҳналаштирган ва бу жиноятнинг ташкилотчиси сифатида собиқ иш берувчиси ҳамда молиявий низодаги рақиби Ботир Раҳимовни кўрсатишга уринган бўлиши мумкинлигини билдирган.

2025 йил ноябрида The Insider ва Франциянинг L’Express журнали ўтказган қўшма суриштирув Олимов баён қилган воқеада бир қатор зиддиятлар борлигини кўрсатган эди.

Жумладан, суриштирувчиларнинг ёзишича, Олимов озод қилинганидан кейин ўзини ўғирлашда иштирок этган деб кўрсатган шахс билан дўстона ёзишмаларни давом эттирган. У полиция ҳаракатлари ҳақида бу шахсни огоҳлантирган ва қўлга тушмаслиги учун эҳтиёт бўлишни сўраган. The Insider, шунингдек, Олимовни Ниццадан Парижга олиб борган биринчи класс поезд чиптаси ўша шахснинг ҳайдовчиси картасидан тўланганини билдирган.

Олимов эса 2025 йил июнида Париж марказида ўғирлангани, Ницца яқинидаги виллага олиб борилиб калтаклангани ва ундан 10 миллион доллар талаб қилинганини айтган. У 5 миллион долларлик қарз тилхатини имзолаб, 200 минг доллар берганидан кейин озод қилинганини билдирган эди.

Ўша пайтда Le Monde Францияда ушбу ҳолат юзасидан уюшган гуруҳ томонидан одамни озодликдан маҳрум қилиш бўйича тергов очилгани ва бир гумонланувчи қамоққа олинганини хабар қилган.

Янги даъволарга кўра, Олимов Ботир Раҳимовни ўғирлашни Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим ходимлари ёрдамида ташкил этганликда ҳам гумонланмоқда.

Бу ҳаракатдан мақсад Раҳимовни жиноий таъқиб билан қўрқитиб, Олимовга нисбатан билдирган молиявий талабларидан воз кечишга мажбур қилиш бўлгани айтилмоқда.

The Insider маълумотига кўра, Раҳимов Олимовни ўзига тегишли бизнес активларини эгаллаб олганликда айблаб, ундан 200 миллион доллардан ортиқ товон талаб қилган.