АЛИНА КАБАЕВА, ҒАРБЛИК ЭНАГАЛАР ВА ПУТИННИНГ МАХФИЙ ВОРИСЛАРИ
Журналистик суриштирувлар Путин ва Алина Кабаеванинг махфий оилавий дунёсига нур туширди: ғарблик энагалар, қўриқланадиган қароргоҳлар ва президент риторикаси билан унинг шахсий танловлари ўртасидаги кескин зиддият ҳақида сўз боради.
Россия президенти Владимир Путин йиллар давомида шахсий ҳаёти ҳақида сукут сақлаб келади. Кремль ҳанузгача унинг Алина Кабаева билан муносабатлари ва уларнинг фарзандлари ҳақидаги маълумотларни расман тан олмаган. Аммо янги журналистик суриштирувлар Путин атрофида шаклланган энг ёпиқ ва эҳтимол энг имтиёзли “оилавий давлат” пардасини бироз очди.
Суриштирувларга кўра, Путин ва Кабаеванинг эҳтимолий ўғиллари Россиядаги қўриқланадиган қароргоҳларда деярли ташқи дунёдан узилган ҳолда тарбияланмоқда. Энг қизиқ жиҳати шундаки, Кремль йиллар давомида Ғарбни Россиянинг асосий мафкуравий душмани сифатида кўрсатиб келаётган бир пайтда, президент фарзандларининг таълими учун айнан ғарблик энагалар ва мураббийлар жалб қилинган.
Ҳужжатларга кўра, Германия, Босния, Жанубий Африка, Британия ва бошқа мамлакатлардан келган ўнлаб мутахассислар болалар билан ишлаган. Уларнинг асосий вазифаси фарзандларни инглиз ва немис тилларига эрта ёшдан мослаштириш бўлган. Ҳатто бир ҳужжатда боланинг инглиз тили “маълумотли европалик каби табиий чиқиши” кераклиги қайд этилган.
Бу ерда энг катта парадокс кўринади. Путин давлат телевидениеси орқали Ғарб қадриятларини танқид қилади, НАТОни Россия учун таҳдид деб атаб келади ва мамлакатни “анъанавий қадриятлар қалъаси” сифатида тасвирлайди. Аммо унинг эҳтимолий ворислари айнан ғарблик энагалар қўлида улғаймоқда, хорижий тилларда таълим олмоқда ва европача усулларда тарбияланмоқда.
Суриштирув материалларида энагалар учун қўйилган талаблар ҳам эътиборли. Уларга сиёсат, дин ва ЛГБТ мавзулари ҳақида гапириш тақиқланган. Қаттиқ тиббий текширувлар, карантинга ўхшаш чекловлар ва доимий назорат тизими жорий қилинган. Айрим мураббийлар ҳатто кимнинг фарзандлари билан ишлаётганини ҳам билмаганини айтган.
Бу воқеа Путиннинг шахсий ҳаёти ҳақидаги оддий таблоид ҳикояси эмас. Бу Россияда икки хил дунё мавжудлигини кўрсатади. Бир томонда Ғарбга қарши риторика билан яшайдиган миллионлаб россияликлар бор. Иккинчи томонда эса қўриқланган қароргоҳларда, чет эллик мураббийлар ёрдамида “европача” тарбия олаётган президент авлоди.
Кабаева бу тизимнинг марказий фигураларидан бири сифатида кўринади. Бир вақтлар олимпия чемпиони сифатида танилган собиқ гимнаст бугун Россия элитасининг энг ёпиқ ва энг таъсирли доираларидан бири билан боғланмоқда. Суриштирувларда кадрлар танлови ва болалар атрофидаги инфратузилма айнан унинг қариндошлари орқали бошқарилгани ҳақида маълумотлар ҳам келтирилади.
Натижада, Путин қурмоқчи бўлган Россия образи билан унинг шахсий ҳаётидаги танловлар ўртасида катта зиддият намоён бўлади. Давлат раҳбари оммага бир нарсани таклиф қилмоқда, аммо ўз фарзандлари учун бутунлай бошқа келажакни танлаётгандек кўринади.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг