ПСИХОФАОЛ МОДДАЛАРНИНГ НОҚОНУНИЙ АЙЛАНМАСИ ЯНАДА КЎПАЙМОҚДА
Тошкент халқаро аэропорти ва Тошкент туманида психофаол ҳамда кучли таъсир қилувчи моддаларni озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида ноқонуний олиб кириш ва сотишга уриниш ҳолатлари фош этилди. Мазкур жиноятлар аҳоли, айниқса ёшлар саломатлиги учун жиддий хавф туғдирмоқда.
Сўнгги пайтларда таркибида психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган маҳсулотларнинг мамлакат ҳудудига турли усуллар билан олиб кирилишига уриниш ҳолатлари кўпаймоқда. Бундай жиноятлар нафақат аҳоли саломатлигига, балки жамият хавфсизлиги ва ёшлар келажагига ҳам жиддий таҳдид солади.
Тошкент халқаро аэропортида аниқланган ҳолат бу борадаги хавфнинг нақадар долзарб эканини яна бир бор кўрсатди. «Бангкок – Тошкент» йўналиши орқали келган, Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган шахс турли озиқ-овқат маҳсулотлари ниқоби остида қарийб 978 грамм каннабис мойи ҳамда таркибида психофаол модда бўлган қўзиқоринларни олиб киришга уринган. Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур шахс муқаддам ҳам судланган бўлиб, бу ҳолат жиноятга мойиллик ва қонун талабларини менсимасликнинг салбий оқибатларини яққол намоён этади.
Шунингдек, Тошкент тумани ҳудудида аниқланган бошқа ҳолатда икки нафар фуқарога тегишли пакетлардан таркибида «Сибутрамин» кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган қарийб 13 минг дона кофе маҳсулотлари топилди. Маълум бўлишича, ушбу маҳсулотларни вилоят ҳудудида сотиш режалаштирилган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, психофаол ва кучли таъсир қилувчи моддалар инсон саломатлигига жиддий зарар етказиб, руҳий ва жисмоний қарамликни келтириб чиқариши мумкин. Айниқса, бундай воситаларнинг турли озиқ-овқат ёки кундалик истеъмол маҳсулотлари кўринишида тарқатилиши аҳоли, хусусан ёшлар учун катта хавф туғдиради.
Шу боис, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳолини бундай таҳдидлар ҳақида доимий хабардор қилиб бориш ҳамда ноқонуний айланмага қарши муросасиз курашиш муҳим аҳамият касб этади. Қонун устуворлиги таъминланган жамиятдагина инсон саломатлиги ва хавфсизлигини ишончли ҳимоя қилиш мумкин.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг