ПРОФИЛАКТИКА ИНСПЕКТОРЛАРИГА “ЖАЗО РЕЖАСИ” ҚЎЙИЛДИ
Тошкент вилоятидаги профилактика инспекторларига маъмурий баённомалар бўйича “режа” қўйилгани ҳақидаги жадвал жамоатчиликда саволлар уйғотди. Расмий манбалар ҳужжатнинг ҳуқуқий мақоми ва амалдаги аҳвол юзасидан ҳали тушунтириш бермаган.
Элтузар ихтиёрига Тошкент вилояти туманларидаги ички ишлар бўлимлари профилактика инспекторларига тегишли жадвал келиб тушди. Унда маҳаллалар кесимида профилактика инспекторлари фаолияти учун кунлик ёки даврий “режа” ва “амалда” кўрсаткичлари қайд этилгани кўринади.
Жадвалда турли МФЙлар ва профилактика инспекторлари исм-фамилиялари келтирилган. Унда “жиноятнинг олдини олишга қаратилган маъмурий баённомалар”, “бошқа маъмурий баённомалар”, “расмийлаштирилган маъмурий баённомалар” каби устунлар бор. Айрим қаторларда “хулоса” ва “юклама” қисми ранглар билан белгиланган. Баъзи инспекторлар “яшил”, баъзилари “сариқ” ёки “қизил” тоифада кўрсатилган.
Собиқ депутат ва жамоатчилик фаоли Расул Кушербаев ушбу жадвалга муносабат билдириб, профилактика инспекторларига фуқароларни маъмурий жазога тортиш бўйича режа қўйилаётганини ёзди. Унинг таъкидлашича, агар бундай амалиёт ҳақиқатдан мавжуд бўлса, инспекторлар белгиланган кўрсаткични бажариш учун ҳар қандай йўл билан ҳуқуқбузар топишга мажбур бўлиб қолиши мумкин.
Ҳақиқатан ҳам, профилактика инспекторининг асосий вазифаси фуқароларни сунъий равишда жазога тортиш эмас, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, маҳаллада хавфсизликни таъминлаш ва қонунбузарлик содир этилганда унга ҳуқуқий баҳо беришдан иборат.
Айни пайтда, тарқалган жадвалнинг расмий ҳужжат экани ёки ички ишчи материал сифатида тайёрлангани мустақил манбалар орқали тасдиқлангани йўқ.
Профилактика инспекторларига ҳақиқатан ҳам маъмурий баённома тузиш бўйича режа белгиланганми? Агар белгиланган бўлса, бу қандай ҳуқуқий асосга таянади? Ҳуқуқбузарлик содир этилмаган ҳудудда инспектор “режа”ни қандай бажариши керак? Бундай кўрсаткичлар фуқароларга нисбатан сунъий босим ёки асоссиз маъмурий иш юритиш хавфини оширмайдими?
Ҳуқуқий давлатда маъмурий жазо “план” бажариш воситасига айланмаслиги керак. Жазо фақат қонун бузилганда, далиллар мавжуд бўлганда ва белгиланган тартибда қўлланади. Шу боис мазкур ҳолат бўйича очиқ, тезкор ва асослантирилган расмий изоҳ берилиши жамоатчилик ишончини сақлаш учун муҳим.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг