“ПРОФЕССИОНАЛ ШИКОЯТЧИЛАР” БИЛАН ИШЛАШ МАҲОРАТИ
Давлат идоралари ва хизмат кўрсатиш соҳалари ходимлари учун қийин синовлардан бири — қасддан жанжал қидирадиган “профессионал шикоятчилар” билан тўқнашиш. Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров уларга қандай ҳуқуқий ва ҳиссий жавоб бериш бўйича амaliy қоидаларни тушунтиради.
Давлат идораси, хизмат кўрсатиш ёки мижозлар билан ишлайдиган соҳа ходимлари учун энг оғир синов – бу адолат излаётган билан эмас, балки қасддан жанжал излаб келган “профессионал шикоятчилар” билан тўқнашишдир.
Ўзи ноқонуний талаб қўйиб, сизни қуюшқондан чиқариш учун провокация қиладиган виждонсиз шикоятчилар бор – улар билан ишлаш жуда қийин. Афсуски, бу асосан собиқ совет давлатлари ҳудудига хос ҳолат бўлиб, собиқ махсус хизматлардан бизга мерос бўлиб қолган.
Уларнинг мақсади муаммони ҳал қилишдан ҳам кўра, сизга ёки қонунга ҳурматсизлик қилиш орқали сизни қуюшқондан чиқаришдан иборат. Уларнинг асосий тактикаси қуйидагича:
қонунга, тартиб-қоидаларга зид бўлган талабларни олдинга суриш;
шахсиятга тегиш, очиқчасига камситиш ёки киноя билан асаб толаларини синаш;
суҳбатдошини назоратдан чиқариб, унинг ҳар бир хато ҳаракати ёки ортиқча гапини камерага ёзиб олиш (ёки диктофонга ёзиш);
ўз ноҳақлигини сизнинг “қўполлигингиз” орқасига яшириш.
Бундай вазиятда сиздан портлаб кетмаслик, қуюшқондан чиқмаслик – нафақат матонат, балки юқори профессионаллик талаб қилинади. Бундай инсонлар билан тўқнашганда бир нечта олтин қоидалар асқотади:
- Ҳис-ҳаяжонга берилмай, протоколга риоя қилиш. Сизга эмоционал ҳужум қилишганда унга инсон сифатида эмас, қонун ва регламент номидан жавоб беринг. Сизнинг хотиржамлигингиз – уларнинг энг катта қуролини йўққа чиқаради.
- Фақат ёзма ва асосли талаб қилиш. “Талабингизни ёзма шаклда беринг, биз уни қонун доирасида кўриб чиқамиз” деган биргина жумла провокациянинг ярмини кесиб ташлайди.
- “Мен” эмас, “Тартиб” дейиш. “Мен буни қилмайман” эмас, “қонун/низом бунга йўл қўймайди” деган позиция сизни шахсий низодан ҳимоя қилади.
- Ҳар бир ҳаракатини қайд этиш. Гувоҳлар иштирокида гаплашиш, хизмат хонасидаги камералар қамровида бўлиш ёки мулоқотни расмий қайд этиш провокаторнинг асосий ричагларини қўлидан олади;
- Ҳурматини жойига қўйиш. Нима бўлганда ҳам мурожаатчининг ҳурматини жойига қўйиб, ўзингизга қонун олдида савол қолдирманг. Бу унинг жанжални чуқурлаштириш имкониятларини янада чеклайди.
Шикоят қилиш фуқаронинг ҳуқуқидир. Аммо бу ҳуқуқни қурол қилиб олиб, ўзгалар меҳнатини, асабини ва қадр-қимматини топташ – виждонсизликдан бошқа нарса эмас. Шундай ҳолатлар юзага келиши мумкинки, бунда сизнинг олдинги хизматларингиз ҳисобга олинмаслиги ва сиз интизомий жазоланишингиз, ҳатто ишдан олинишингиз мумкин. Ҳатто бу – кимнингдир буюртмаси бўлиши ҳам мумкин.
Шунингучун улар кутган нарсани берманг. Сизнинг вазминлигингиз ва фақат қонунчиликка таянишингиз улар учун энг катта мағлубиятдир.
Ҳуқуқшунос Анвар Бозоров
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг