ПРЕЗИДЕНТ ТАНҚИДИДАН КЕЙИН МТРКДА «КИМ ЭДИГУ, КИМ БЎЛДИК?» ТОПШИРИҒИ БЕРИЛДИ
Президент телеканалларда янгиликлар юзаки ёритилаётганини танқид қилганидан кейин, МТРК тизимида барча кўрсатувлар ва лавҳаларни «Президент ташрифи» даражасида тайёрлаш, «Ким эдигу, ким бўлдик?» руҳида туркум дастурлар яратиш бўйича янги талаблар жорий этилди.
Элтузарга Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тизимида ишловчи ходимдан навбатдаги маълумот келиб тушди. Манбанинг айтишича, Президент томонидан телеканаллардаги материалларнинг юзаки тайёрланаётгани танқид қилинганидан кейин Мадамин Сафаров барча телеканалларга янги талабларни етказган.
Элтузарга тақдим этилган топшириқ матнида мамлакатда амалга оширилаётган янгиланишлар телеканалларда «юзаки, қисқача, масаланинг ичига чуқур кирмасдан, баёнчилик шаклида» кўрсатилаётганига эътироз билдирилгани айтилган.
Топшириққа кўра, энди ҳар бир кўрсатув ёки лавҳа Президент бирор объектга ташриф буюрганда тайёрланадиган материал даражасида ишланиши керак.
«Президент борган объектларни ярим соатлаб, ҳар томонлама ёндашиб, ўтган давр ёки объектнинг аввалги ҳолатлари билан солиштириб кўрсатамиз-ку, нега энди ҳамма янгиликни, ҳамма яхши ишни шундай қилиб кўрсатмаймиз?»
Шунингдек, телеканаллардаги интервьюлар ҳам танқид қилинган. Топшириқда «дежурний» гаплар, қуруқ миннатдорчилик ва «тил учидаги раҳматлар»дан воз кечиб, инсонлар ҳаётидаги ўзгаришларни аниқ мисоллар ва шахсий тақдирлар орқали кўрсатиш талаб қилинган.
Яна бир талаб эфирларда аҳолини «шукроналикка, бугунги кунларнинг қадрига етишга» ундайдиган дастурлар, интервью ва суҳбатларни кўпайтириш билан боғлиқ.
Топшириқда телеканалларга кейинги 10 йилда амалга оширилган ислоҳотлар натижаларини аввалги давр билан қиёслаб кўрсатадиган дастурларга кенг ўрин бериш вазифаси ҳам қўйилган.
Хусусан, эфирларда «Ким эдигу, ким бўлдик?» мавзусида туркум суҳбат ва интервьюларни бошлаш таклиф қилинган.
«Кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга, аввалги давр билан ҳозирги ҳаётни солиштириб, қиёслаб гапира оладиган инсонларни кўп-кўп эфирга чиқаришимиз керак».
Ҳужжат матнидан кўринишича, бундай суҳбатдошларнинг алоҳида рўйхатини тузиш ҳам бошланган. Ходимлардан шу талабга мос келадиган шахсларнинг Ф.И.О. ва лавозимларини тақдим этиш сўралган.
Манба тақдим этган кейинги хабарда эса мазкур талаблар асосида «Ўзбекистон 24» телеканали учун махсус медиа-режа лойиҳаси ишлаб чиқилгани айтилган.
Бошқа телеканалларга ҳам ўз йўналишидан келиб чиқиб шунга ўхшаш режалар тузиш вазифаси қўйилган. Масалан, «Маҳалла» телеканалига «Оталар сўзи»нинг айрим сонлари ёки бошқа мавжуд кўрсатувларга янги талабларни сингдириш мумкинлиги мисол қилиб келтирилган.
Шу билан бирга, телеканаллардан янги кўрсатувлар ва янги форматлар ишлаб чиқиш ҳам талаб қилинмоқда.
Элтузарга келган маълумотдан англашилишича, топшириқ фақат алоҳида бир кўрсатув ёки телеканалга эмас, МТРК тизимидаги телеканалларнинг мамлакатдаги ислоҳотларни қандай ёритиши, интервью қаҳрамонларини қандай танлаши ва эфир мазмунини қандай қуришига доир умумий таҳририй ёндашувни ўзгартиришга қаратилган.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг