Чехия пойтахти Прагада шартномавий йўловчи ташиш ва рақамли такси платформалари орқали солиқ тўлашдан бўйин товлашда гумон қилинаётган гуруҳ қўлга олинди. Ишни Чехиянинг уюшган жиноятчиликка қарши миллий маркази — Národní centrála proti organizovanému zločinu, яъни NCOZ терговчилари олиб бормоқда.

Иш материалларида икки нафар чех фуқароси ва саккиз нафар хорижлик ҳақида сўз боради. Полиция уларнинг фуқаролигини расман очиқламаган, бироқ гумонланувчилар орасида асосан ўзбекистонликлар бор. Уларга суд ҳукми кучга кирса, 13 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

NCOZ матбуот котиби Ярослав Ибегейнинг маълум қилишича, иш божхона ходимлари, молия идоралари ва “Солиқ кобраси” деб аталувчи махсус гуруҳ доирасида олиб борилган. Расмий маълумотга кўра, терговчилар бу ишда бухгалтерия, банк ва солиқ ҳужжатлари, тижорат реестрлари ҳамда бошқа далилларни таҳлил қилган. Ишда Чехия молиявий таҳлил идораси ва қисман Europol ҳам иштирок этган.

Тергов версиясига кўра, 2022–2026 йиллар давомида ташкиллашган гуруҳ Чехияда шартномавий йўловчи ташиш соҳасида фаолият юритган ўнлаб ўзаро боғлиқ компаниялар тармоғини ташкил қилган. Ушбу компаниялар Uber ва Bolt каби рақамли платформалар орқали буюртма қилинган йўловчи ташиш хизматларини амалга оширгани айтилмоқда.

Полицияга кўра, йўловчилар тўловни рақамли платформа орқали амалга оширган, платформа ўз хизмат ҳақини ушлаб қолган, қолган маблағ эса ташишни таъминлаган компаниялар ҳисобрақамларига ўтказилган. Терговчилар айнан шу босқичда даромадларнинг катта қисми бухгалтерия ҳисоботлари ва солиқ декларацияларида тўғри кўрсатилмаганини иддао қилмоқда.

Иш материалларига кўра, айбланувчилар компанияларнинг бошқарув органларида номигагина раҳбар қилиб қўйилган шахслардан фойдаланган, янги фирмалар очган, улар ўртасида автомобиллар ва пул маблағларини ўтказган ҳамда ташиш хизматлари учун тушадиган тўловлар қабул қилинадиган банк ҳисобрақамларини тез-тез алмаштириб турган.

Терговчилар гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар аниқ тақсимланганини таъкидламоқда. Айримлар компанияларни бошқарган, бошқалар ҳайдовчиларни ёллаган, яна бир қисми бухгалтерия, банк ҳисобрақамлари, янги фирмалар очиш ва маъмурий ҳужжатлар билан шуғулланган. Чехия ОАВларига кўра, ишда Uber ва Bolt платформалари номи тилга олинган, аммо тергов айни дамда рақамли платформаларнинг ўзини эмас, улар орқали фаолият юритган компаниялар тармоғини ўрганмоқда.

Чехия полицияси маълумотига кўра, ушбу схема орқали давлат бюджетига етказилган зарар 300 миллион чех кронасидан (тақрибан 15 миллион АҚШ доллари) ошган бўлиши мумкин. Бир гуруҳ 70 миллион крона, иккинчи гуруҳ эса 230 миллион кронадан ортиқ зарар етказгани иддао қилинмоқда.

Тинтувлар давомида полиция электрон маълумот ташувчилар, бухгалтерия ҳужжатлари ва бошқа далилларни мусодара қилган. Шунингдек, 6 миллион кронадан ортиқ нақд пул, банк ҳисобрақамларидаги 8 миллион крона ва бир неча енгил автомобиль хатланган.

Прагадаги “Солиқ кобраси” операцияси: Чехия манбалари эълон қилган кадрларда тинтув ва далилларни йиғиш жараёни кўринади.

Ҳозирда етти нафар айбланувчи қамоқ эҳтиёт чораси билан тергов қилинмоқда. Уларга уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш ва солиқ, йиғим ҳамда шунга ўхшаш мажбурий тўловларни камайтириш бўйича айбловлар қўйилган. Ишни Прага Олий прокуратураси назорат қилмоқда.

Прага шаҳрининг ўзида юзлаб ўзбекистонлик таксичилик қилади.