ПИЁЗ ЭКСПОРТИ КЕСКИН КАМАЙДИ, ИЧКИ БОЗОР ТАЪМИНОТИ ОРТИҒИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНДИ
2026 йил январь–апрель ойларида Ўзбекистон 26,2 минг тонна пиёз экспорт қилиб, ўтган йилга нисбатан 41,2 фоизга камайтирди. Шу билан бирга, юқори ҳосил туфайли ички бозор тўлиқ таъминланиб, нархлар барқарор сақланмоқда.
2026 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистон 11 та хорижий давлатга 26,2 минг тонна пиёз экспорт қилди. Мавжуд маълумотлар таҳлилига кўра, экспорт қиймати 5,8 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 18,4 минг тоннага яъни 41,2 фоизга камайган.
Экспорт ҳажмининг қисқаришига қарамай, мамлакатда пиёз етиштириш ҳажми юқори даражада сақланиб қолмоқда. Сўнгги йилларда фермер ва деҳқон хўжаликлари томонидан пиёз экиладиган майдонлар кенгайтирилди. Бу эса аввало ички бозор эҳтиёжларини тўлиқ қондириш, нархлар барқарорлигини таъминлаш ва ҳатто арзонлаб кетгани аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга хизмат қилмоқда.
Мазкур даврда Ўзбекистон пиёз экспортининг асосий қисми Туркманистон, Россия, Ироқ, Эрон ва Қирғиз Республикаси ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, мамлакатда пиёз ҳосилининг кўплиги ички бозорда маҳсулот танқислигининг олдини олди.
Пиёз етиштириш ҳажмининг юқори бўлиши бир қатор ижобий жиҳатларга эга. Аввало, аҳоли учун муҳим озиқ-овқат маҳсулоти бўлган пиёзнинг нархи нисбатан барқарор сақланади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшимча иш ўринлари яратилади, қайта ишлаш ва сақлаш тизимларининг ривожланишига туртки беради. Экспорт имкониятлари эса мамлакатга валюта тушумини таъминлайди.
Бироқ бу ҳолатнинг айрим салбий томонлари ҳам мавжуд. Масалан, ҳосил ҳажми талабдан ортиб кетган ҳолларда бозорда таклиф кўпайиб, нархлар пасайишига олиб келади. Бу эса фермерлар даромадига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, маҳсулотни сақлаш учун қўшимча омборлар ва логистика имкониятларига эҳтиёж ортади. Агар ташқи бозорларда талаб камайса, ортиқча ҳосилни сотиш муаммоси юзага келиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, келгусида пиёз етиштириш ҳажмларини бозор эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, сақлаш ва қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш орқали соҳанинг самарадорлигини янада ошириш мумкин. Бу нафақат ички бозор барқарорлигини таъминлайди, балки экспорт салоҳиятини ҳам мустаҳкамлайди. Яқинда Элтузар ўзбек бозорида пиёз арзонлаб кетгани, фермерлар зарар қилгани ҳақида таҳлилий мақола ёзган эди.
Фикр билдириш учун Telegram каналимизга қўшилинг